Ўзининг айтишича, бир неча йил аввал яқин дўстларига эргашиб, онлайн қиморга кирган ва охир-оқибат қарз ботқоғига ботган. У қимор ўйинлари пухта режа ва тузоқ асосида қандай бошқарилиши, пулдор одамлар қандай “овланиши” ҳақида сўзлаб берди.

“Қўли узун” тадбиркор

— Онлайн қимор ўйини – ботқоқ, тузоқки, инсонни бўйнигача қарзга ботиради. Уни ўйнаган одам бор мол-мулкидан, обрўйидан, ҳурматидан, ишидан, даромадидан, хотиржамлигидан айрилиши аниқ. Буни мен бошимдан ўтказдим.

1985 йил Андижон вилояти Олтинкўл туманида туғилганман. Музқаймоқ ишлаб чиқариш бизнеси билан шуғулланганман. Қимор ўйинларига берилиб кетишимдан аввал тадбиркорлигим, мол-мулким, бойлигим бўлган. Тагимда қимматбаҳо автомашиналар, яхши яшаш шароити, катта пул маблағларим, бир сўз билан айтганда қўлини қаерга узатса етадиган тадбиркор эдим.

2020 йилда маҳалламизда дўкон очилди. Шу дўкон олдида ошна-оғайниларим билан қизиқишга 100-200 доллардан онлайн қимор ўйнадик. 2023 йилда маҳалладошим Қосим (исми ўзгартирилган) деган йигит онлайн қимор ўйинларини ташкил этишни бошлагани, пул тушириб пул чиқараётганини ва ўйнашга шароит яратиб беришини айтиб қўнғироқ қилди. Қизиқтириши ва офиси уйимга яқин жойда бўлгани учун улар билан қимор ўйнашни бошладим. Бошида 90 миллион сўм пул ютдим. Ютган пулимни беришмади...

Орадан вақтлар ўтиб катта маблағ бой бера бошладим. Ўз вақтида тўлаб борганим учун Қосим ҳисобимга насияга пул солаверар эди. Шоҳона зиёфатлар уюштириб офисига чорлаб, онлайн қимор ўйнашга таклиф қилишдан чарчамасди. Бу гапларим билан ўзимни оқламоқчи эмасман. Бу ўйинни ўйнаганим, онлайн қиморга кирганимнинг биринчи сабабчиси ўзимман, хато ўзимда.

Одамларни онлайн қиморга қизиқтириш учун шу даражада мукаммал муҳит яратиладики, ўйинга қандай қилиб муккангиздан кетганингизни сезмай қоласиз. Қимор ўйнаш учун сизга шароит ортиғи билан муҳайё қилинади. Бу ўйин ва ўйинни ташкил этувчиларнинг йўналиши шундайки, пулингизга, маблағингизга, тўлаш қобилиятингизга қараб сизни қарз қилиб боришади. Улар сизни аввалдан танийди, пухта ўрганиб чиққан, қанчагача пул тика олишингизгача жуда яхши билишади. Уй-жойингизга, тагингиздаги машинангизга, чўнтагингиздаги пулингизга, керак бўлса қариндош-уруғингизнинг қанча пули борлигигача қараб сизга насия савдо қилишади. Сизни доимий ўзларига мижоз қилиб ушлаб туради. Сизни ушлаб туришдан уларга манфаат бор. Сиз улар учун нақд пулсиз, сиз орқали катта пул “оборот” қилишади. Уларга сизга ўхшаган пулли “клиент” ҳар доим ҳам керак.

Шу тариқа, бу ботқоқдан, қопқондан чиқиб кетолмадим. Уларнинг тузоғига ўзим ҳам тушдим ва бу жараён давом этди. Бор маблағларимни бой бериб бўлдим, кейин атрофдаги яқинларимдан қарз олишни бошладим.

Қиморга йўл...

— Бошида ўйинни эрмак сифатида кўрдим. Чунки менга қимордан келадиган пул, маблағ керак эмас эди. Моддий шароитим ўта яхши, ўзимга тўқ бўлганман. Қизиқишда 200 доллар пул туширдим. 200 доллар пулни бой бердим, ютқаздим... Шундан кейин ўйинга қарамлик уйғона бошлади.

Онлайн қимор ўйнаганингиз сари қопқонга, ботқоққа тушиб, илашиб, муккангиздан кетиб бораверар экансиз. Бу худди сигарет ёки ичкилик ичадиган одам ичмаса ёки чекмаса хумори тутадиган ҳолатни эслатади. Одам ўрганиб-ўрганиб бориб бу ботқоққа, тузоққа чуқурроқ кириб бораверар экан.

Онлайн қимор ўйини тузоқ ва қопқон асосида қурилган. Бу ўйинда ҳеч ким ютмайди. Одам қанча ўйнаган сари ўйинга қарамлик, моддий зиён кўриш ва саломатлигини йўқотиш тобора тезлашиб, кучайиб бораверади.

“Бир ярим ой ичида 300 минг доллар ютқаздим”

— Бошида Қосим ташкил этган онлайн казино кассасидан пул солиб, 90 миллион сўм пул маблағи ютиб олдим. Ютган пулларимни беришини сўраганимда ҳозирда нақд пули йўқлигини ва бир-бир ярим ҳафта ичида пулларни беришини айтди. Ютган пулимни нақд кўринишда ололмадим. Шу тариқа, ўйинга секин-аста кириб, тобора боғланиб бордим. Ёнимда пулим бўлмаса, ҳар сафар насия беради, қарз оламан...

Шу тариқа, бир ярим ой ичида 300 минг доллар нақд пулимни бой бердим. Бир сўм пулим қолмади. Ундан кейин бўйнимга қарз ёзила бошлади.

10 минг доллар қарз бўлганимдан кейин Қосим пулни тезроқ қилиб беришим кераклигини айтди. У қимор ўйинларига Азиз (исми ўзгартирилган) исмли шериги пул тикканини, хоҳласам у ёрдам беришини айтди. Қосим билан Азиз ёнимга келишди. Malibu бор, 25 минг долларга бераман деди. Бир йил муддатда қайтаришга келишиб, 50 минг долларга ўша Malibuʼни олдим. Тўғрироғи, қўлимга 25 минг доллар беришди. 10 минг долларини қарзимга бердим. Қолган 15 минг долларни ҳам ўзлари билан қимор ўйнаб яна ютқаздим...

Ўйин шу тариқа давом этди. Malibu'дан кейин Cobalt, сўнг Gentra автомашинаси беришди, қарз бўлганимда “вариант” қилиб айлантирилди. Жараён шу алфозда кетиб, пулим бўлмаган ҳолатда ҳам ўзлари мени қарз қилиб, пул билан таъминлаб ва бу қарзни яна вариант орқали ишини давом эттиришди. Охири музқаймоқ ишлаб чиқарадиган дастгоҳларгача сотишга мажбур бўлдим...

“Яна қопқонга тушдим”

— 2023 йилнинг декабр ойларида ўйинни тўхтатдим. 2024 йил феврал ойигача онлайн қимор ўйинларини ўйнамадим. Чунки қарзга ботиб кетган эдим. Иложи борича қиморхоналарга бормасликка ҳаракат қилдим.

2024 йилнинг феврал ойларига бориб яна қўлимга пул тушишни бошлади. Мендан яхшигина даромад топиб ўрганиб қолганлар яна алоқага чиқишди. Қосим кассасида пули борлигини, ўйнасам яна ҳисоб бериб туришини айтди.

Яна қопқонга илашдим, яна қарзга ботдим. Қиморнинг орқасидан яна чоҳга тушдим. Охир-оқибат яна 70 минг долларга яқин маблағни бой бердим. Бу сафар пулим қолмагани туфайли ўзим билан бирга ишлайдиган савдогар, тадбиркорлардан қарз олдим.

Қамоқ

— 2024 йил 20 мартида ўйинни тўхтатдим. Ўшанда бўйнимда тахминан 200 минг доллардан ошиқроқ қарзим бўлган. Пул топиб қарзларимни узишни бошладим. Биринчи навбатда менга ишониб ҳалол пулини бериб турган одамларнинг пулини қайтаришни ўз олдимга мақсад қилиб қўйдим-да, пул ишлашга киришдим.

Онлайн қимор ташкилотчилари бу орада “қарзингни бер, йўқса ўлдириб юбораман”, дея ҳатто пичоқ кўтариб уйимга, ишхонамга келиб тўполон қиларди.

Иш шу даражага етдики, Азиз мендан пулини олиш учун ҳийла йўлига ўтди. Ноиложликдан “танишларимдан шакар сотиб олиш учун 100 минг доллар пул олдим, уни 2 йилда қайтараман”, деб ёлғондан тилхат ёзиб бердим. Улардан гўёки қарзга 100 минг доллар пул олганим ҳақида видеолавҳа ҳам қилиб олишди.

Шундан сўнг улар бир муддат мени тинч қўйишди, қайтиб гаплашмадик, кўришмадик ҳам. Орадан 25 кун ўтиб: “100 минг доллар қарз олиб бермай, ёлғон гапириб юрибди” деб устимдан ИИБга ариза қилиб беришди.

Менга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланди. Тергов жараёнида бу пулни олмаганимни, аслида устимдан ариза ёзганлар мени тузоққа туширишгани, онлайн қимор ўйинлари орқали мени қарз қилиб қўйишганини айтдим.

Суд жараёнлари бошланди. Судда ҳам асл ҳақиқатни айтдим. Лекин тилхат ва видеосъёмка жиддий далил сифатида қабул қилиниб, менга 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Шу тариқа, 2023 йил 10 декабрда қамоққа олинган бўлсам, 2024 йил 4 апрелда 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарилди. 2024 йил июн ойида Қаршидаги “зона”да жазо муддатимни ўтай бошладим.

Қамоқда 14 ой ўтирдим. Азиз яқинларим билан келишиб, “етказилган моддий зарарни тўлиқ олдим, унга адоватим йўқ”, дея судда кўрсатма бергач, 2024 йил 20 феврал куни Қаршидан, жазони ўташ муассасасидан озодликка чиқдим.

“Ҳукумат эътибор қаратиши лозим”

— Ҳукуматимиз ва мутасадди ташкилотлардан бир нарсани илтимос қилиб сўрамоқчиман. Онлайн қимор ўйинлари халқ орасида кенг тарқалиб боряпти. Бу вабо одамларни, айниқса ёшларни жуда қаттиқ таъсирига, гирдобига, ботқоққа тортиб кетяпти. Ҳолат назоратга олиниши керак, акс ҳолда ҳолат ёмонлашаверади.

Бу онлайн қимор ўйинлари, ҳисобларга пул солиш тизими қандай ишлайди? Андижон вилояти мисолида айтаман.

Андижон вилоятида Paynet ниқоби остидаги шохобчаларнинг катта қисми онлайн қимор ўйинларига пул солиш билан шуғулланади. Улар бошқа тўловларни ҳам амалга оширишади, онлайн қимор ўйинларига ҳам пул солишади. Телефонга пул тушириш орқали 1-2 фоиз даромад қилса, онлайн қимор ўйинларидан 8-10 фоизгача даромад кўришади. Андижон шаҳри ва туманларида Paynet ниқоби остида улар жуда кўпайиб кетган. Ҳукуматимиздан, тегишли мутасадди ташкилотлардан бу вабога, бу иллатга, одамларни ботқоққа етаклаётган касалликка ўз вақтида тегишли чора кўришларини сўраб илтимос қилиб қоламан.

Менга ўхшаб қимор ўйнаб оғир ҳолатга тушиб қолганлар жуда кўп. Фақат улар хижолатчиликдан қочиб, қарзга ботиб қолганини айта олмайди холос. Мен онлайн қимор ўйнаб юриб, жуда кўп инсонлар бўйнигача қарзга ботганининг гувоҳи бўлдим. Ўйинга қарши бутун республика бўйича қаттиқ кураш эълон қилиб, халқимизни бу иллатдан, бу балодан қутқаришларини сўраб қоламан. Тўғри, айб ўзимда, буни инкор қилмайман. Онлайн қимор ўйнаб, қарзга ботдим. Ҳаловатим йўқ... Бўйнимдаги қарзни, албатта, уларга қайтараман, лекин бунга вақт керак.

3 йил мобайнида дилни хира қиладиган кўргиликларни бошимдан ўтказдим. Бу қопқондан, бу тузоқдан, бу “схема”дан 3 йил деганда ҳам тамомила чиқиб кета олмаяпман. Устига устак, ҳаётим ва тинчлигим таҳдид ва хавф остида қолган. Мени бу йўлга киришга мажбур қилганлар, қамалишимга сабабчи бўлганлар энди қайноғам ва яқинларимга босим қилишга ўтишган. Тегишли ташкилотлардан ҳолатимни ўрганиб чиқиб, менга ҳуқуқий ёрдам кўрсатишларини илтимос қиламан.