Португалия, Испания ва Европанинг бошқа қатор мамлакатларида 28 апрел куни кундузи электр энергияси кенг кўламда ўчиши кузатилди.
Хусусан, Publico маълумотига кўра, Лиссабонда метро тўхтаб қолган, йўловчилар вагонлар ичида қамалиб қолишган, Порту шаҳридаги метро ҳам ёпилган. Кўплаб шаҳарларда светофорлар ўчган, бутун мамлакат бўйлаб мобил алоқа узилишлар билан ишламоқда, банкоматлар ишлашдан тўхтаган. Лиссабон, Порту ва Фарудаги аэропортларда захира генераторларидан фойдаланишга ўтилган.

Armando Franca / AP / Scanpix / LETA
El Mundo газетаси Испанияда ҳам электр ўчгани ҳақида хабар берган. Хусусан, Мадридда Барахасда аэропорт ёпилган, Барселона ва Мадридда метро ишламай қолган. Испанияда ҳам светофорлар, мобил алоқа ва тўлов терминаллари ўчган.

Mariscal / EPA / Scanpix / LETA
Испаниянинг миллий темирйўл компанияси бўлмиш Renfe йўловчи поездлар қатнови буткул тўхтатилганини эълон қилган.

Javier Etxezarreta / EPA / Scanpix / LETA
Франция ва Германияда ҳам электр энергияси таъминотидаги узилишлар ҳақида хабар берилмоқда. Euronews маълумотига кўра, Андоррадан ҳам электр ўчгани ҳақида хабарлар келган.
Аварияга учраган мамлакатлар ҳукуматлари ва электр таъминотчилари электр таъминотини тезроқ тиклаш учун барча имкониятлар ишга солинаётганини маълум қилган.

Manu Fernandez / AP / Scanpix / LETA








