Бир неча ҳафта олдин, Чемпионлар Лигаси яримфинал жуфтликлари маълум бўлганида, «Интер» ва «Барселона» тўқнашуви треблга даъвогар бўлган икки ўта муваффақиятли жамоалар баҳси сифатида баҳоланганди. Аммо қисқа вақт ичида, айниқса, Италияда кўп нарса ўзгариб кетди. «Барселона» бирин-кетин рақибларини ер тишлатиб, ўз режимида давом этаётган бўлса, «Интер» бир ҳафта ичида ҳам Италия кубогидан чиқиб кетди, ҳам А Серияда улоқни Антонио Конте бошқарувидаги «Наполи»га тутқазиб қўйди. Бошқа тарафдан, бу омил аксинча, «Интер » учун қўшимча мотивация сифатида фойда ҳам келтириши мумкин, зеро шундай ажойиб мавсум изсиз кетишини ҳеч ким истамаса керак.

«Интер»

Симеоне Индзаги шогирдлари то баҳоргача Европанинг энг мувозанатли, хатосиз ишлаб турадиган тизимига эга бўлган жамоаси сифатида кўрилаётганди. «Реал», «ПСЖ», «Манчестер Сити» каби клублар плей-оффга чиқиш учун курашаётган паллаларда «Интер» жиддий ротациялар билан, деярли икки хил таркибда ўйнаб, ҳам Чемпионлар Лигаси умумий гуруҳ босқичида пешқадамлардан бири, ҳам Италия чемпионатида яққол етакчи сифатида келаётганди. Айни дамда эса жамоа барча мусобақаларда қаторасига 4 ўйиндан иборат ғалабасиз серия қайд этмоқда.

«Бавария» билан дуранг дастлабки ўйиндаги ғалаба туфайли қониқарли баҳоланса-да, ички аренада «Болоня», «Милан» ва «Рома»га қарши учрашувлардаги мағлубиятлар Индзаги учун деярли икки соврин баҳосига тенг бўлиб чиқиши мумкин. Ёмон томони, бу ўйинларда «Интер» бирорта ҳам гол уролмади – бунгача бутун мавсум давомидаги 49 учрашувда миланликлар шунча ўйинни голсиз ўтказганди.

Италияда мутахассислар «Интер»даги бу пасайишни футболчилардаги жисмоний кўрсаткичлар пасайиши билан боғламоқда ва бунинг сабабларини ахтаришга киришган. Албатта, бу гапларда жон бор, лекин яна бир фактга ҳам кўз юммаслик керак – «Интер» сўнгги бир ойда икки муҳим футболчисиз ўйнашига тўғри келди – Дензел Думфрис ва Маркус Тюрам.

Нидерландиялик қанот футболчиси «Интер»да асосий фигуралардан бири ҳисобланади. Унинг ҳужумдаги фаоллиги жамоа ўйинига ранг-баранглик олиб кириш билан бирга, рақибни айнан шу қанотга жиддий эътибор қаратишга мажбур қилади, яъни рақиб Думфрисга бўшлиқ қолдирмаслик учун ҳам кўпчилик бўлиб олдинга чиқишдан тийилади. У жорий мавсумда 8 гол урди – ҳимоя чизиғи вакиллари ичида Европада энг яхши кўрсаткич. Маркус Тюрам эса Индзаги ҳам тан олганидек, ҳужум чизиғида Лаутарога энг мос тандем ҳисобланади. Керак бўлганда ҳам ҳужумчига айланадиган, шу билан бирга алмашиб, Лаутаронинг ҳам вазифасини бажара оладиган Тюрамнинг ўрнини на Корреа, на Арнаутович боса олади.