Марказий банк апрел ойи учун аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан сезилган инфляция даражасига оид сўровнома натижаларини эълон қилди

Унга кўра, аҳоли томонидан сезилган инфляция даражаси 14,4 фоизни ташкил қилган. Ҳудудлар кесимида инфляциянинг энг юқори даражаси Тошкент шаҳри (18,2 фоиз) ва Андижон вилоятида (16,4 фоиз), энг паст даражаси эса Навоий вилояти (12,8 фоиз) ва Қорақалпоғистон Республикасида (12,4 фоиз) сезилган.

Сўровномада қатнашганларнинг катта қисми гўшт ва сут ҳамда электр ва табиий газ нархи юқори даражада ўсганини таъкидлаган.

Шунингдек, ой давомида бензин ва ёқилғи, мева-сабзавотлар, ўсимлик ёғи, дорилар, қурилиш моллари, кафе-ресторан хизматлари, тиббий хизматлар, ижара ҳақи, таълим хизматлари, шакар ва қандолат, таъмирлаш, маиший хизматлар нархларида юқори даражада ўсишни сезганлар улуши кўпайган.

Даромадга эга бўлмаганлар ва даромадлари 5 млн сўмдан юқори бўлган аҳоли томонидан сезилган инфляция даражаси республика бўйича ўртача кўрсаткичдан юқори даражада шаклланган. Хусусан, 15 млн сўмдан кўп даромад эгалари сезган инфляция 19,6 фоизни ташкил қилган.

Аввалроқ апрел ойида истеъмол секторидаги нархларнинг йиллик ўсиш даражаси 10,1 фоизни ташкил этгани хабар қилинганди. Ўтган ойда сезилган ва расмий инфляция ўртасидаги фарқ 4,3 фоиз бўлган.