Саммитга тайёргарлик жараёнида бир қатор вазирлик ва идоралар вакиллари ўз йўналишлари бўйича Италия томонининг тегишли тузилмалари билан ҳамкорлик учрашувларини ўтказди.

Ана шундай учрашувлардан бири қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов ҳамда Италиянинг нуфузли Confagricoltura  ташкилоти вице-президенти Лика Бронделло, Туша университети проректори, профессор Алваро Маруччи ҳамда Италия Миллий тадқиқотлар кенгаши (CNR) директори Алдо Сериоттилар ўртасида ташкил этилди.

Мулоқот давомида қишлоқ хўжалиги соҳаси бўйича таълим ва илмий фаолиятни ривожлантириш, талабалар алмашинув дастурларини ташкил этиш, ўзбекистонлик агроном мутахассисларининг Италия илмий марказларида амалиёт ўташини таъминлаш, Оролбўйи минтақасида амалга оширилаётган экологик ва агротехник қўшма лойиҳалар доирасида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашув якунида икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, аграр соҳадаги илмий-тадқиқот ва инновацион салоҳиятни оширишга хизмат қилувчи қўшма ташаббусларни илгари суриш бўйича аниқ режалар белгилаб олинди.