2025 йилнинг апрель ойида Ўзбекистон энг йирик олтин сотувчиси бўлди, дея хабар бермоқда Жаҳон олтин кенгаши (WGC).

Апрелда марказий банкларнинг соф олтин харидлари 12 тоннани ташкил этган. Бу март ойига нисбатан 12 фоизга кам.

Харидлар бўйича етакчи Польша Миллий банки бўлиб, ўз захираларини 12 тоннага оширган ҳолда 509 тоннагача етказган.

Шунингдек, йирик харидлар Чехия Миллий банки (+3 тонна), Хитой Халқ банки (+2 тонна), Туркия Марказий банки (+2 тонна), Қирғизистон Миллий банки (+2 тонна), Қозоғистон Миллий банки (+1 тонна) ва Иордания Марказий банки (+1 тонна) томонидан амалга оширилган.

Ўз навбатида, Ўзбекистон Марказий банки олтин захиралари ҳажмини яна 11 тоннага камайтирди. Йил бошидан бери захиралар 26 тоннага қисқариб, 356 тоннагача пасайган.

Аввалроқ, 2025 йилнинг 1 май ҳолатига Ўзбекистоннинг расмий захира активлари 49,25 млрд долларга етгани хабар қилинганди. Бу рекорд кўрсаткичдир. Захираларнинг кескин ошишига жаҳон бозорида олтин қимматлашгани ва ўзининг тарихий максимум нархларини бир неча маротаба янгилагани асосий омил бўлди.