Ўзбекистон ташқи ишлар вазири маслаҳатчиси Мунира Аминова Қатарда амалий ташриф билан бўлиб, ушбу мамлакат ҳукумати ва жамоатчилик институтлари вакиллари билан учрашувлар ўтказди.

ТИВ маълумотига кўра, Ташқи ишлар вазирлиги, Қатар тараққиёт жамғармаси, Қатар хайрия ташкилоти, Вақф ишлари бўйича бош бошқармаси, Доҳа фан ва технологиялар университети раҳбарияти билан музокаралар чоғида икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя ва ёшлар малакасини ошириш соҳаларида қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар икки давлат ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш муҳимлигини эътироф этиб, келгусида мазкур соҳаларда тажриба алмашиш ва ҳамкорлик қилишга тайёр эканини билдирди.