22 сентябр куни АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида БМТ Бош Ассамблеяси 81-сессиясининг юқори даражадаги умумий мунозаралари бошланди. Бу ҳар йили дунё етакчилари БМТ минбаридан ўз давлатларининг устувор йўналишларини баён қиладиган асосий тадбирдир.

Ўнлаб етакчилар чиқиш қилган биринчи кун нутқларида Ғазо ва босиб олинган Ғарбий Соҳил энг кўп тилга олинган мавзулардан бири бўлди. Иордания, Туркия, Бразилия ва Қатар етакчилари бу ҳудудлардаги Исроилнинг ҳаракатларини танқид қилди. Франция етакчиси Ғазодаги вазиятни "барча учун шармандали ҳолат", деб атади. БМТ бош котиби ва бошқа расмийлари ҳам Исроилнинг ҳаракатларини қоралади. Трамп эса тахминан 38 дақиқалик нутқида Исроилни фақат бир марта тилга олди.

БМТ Бош котиби

БМТ бош котиби сифатида Бош ассамблеяда охирги марта нутқ қилаётган Антонио Гутерриш Яқин Шарқдаги можаролар занжирсимон авж олаётганини айтди. Унинг сўзларига кўра, «ўт очишни тўхтатиш» деб аталган келишувлар баҳосини тинч аҳоли тўлашда давом этмоқда. У етакчиларни жангларни тўхтатишга ва ҳуманитар ёрдамни ўтказишга чақирди.

БМТ расмийси, 2023 йилдаги Ҳамас ҳужумини «жирканч террор» деб атади ва шундан кейин Ғазодаги фаластинликларга қарши кенг кўламли ҳужум бошланганини айтди.

2026-09-23 18.49.03
Антонио Гутерриш / Фото: New York Times

«Ғазодаги [ҳолат] – Бош котиблик йилларимда кўрмагам даражадаги қирғин ва вайронагарчилик. …Ғарбий Соҳилда Исроил томонидан зўравонлик, кўчириш ва манзилгоҳлар кенгайиши эса «тинчлик йўлини булдозердек эзиб, этник тозалаш хавфини юзага чиқармоқда», деди Гутерриш.

Шунингдек, Гутерриш Халқаро суднинг геноцид конвенцияси бўйича ишдаги мажбурий вақтинчалик чораларини эслатди ва барча томонларни суд қарорларига бўйсунишга чақирди. Бу қарорларда Исроилга Ғазода геноцид ҳаракатларининг олдини олиш, геноцидга очиқ даъватларни жазолаш, ҳуманитар ёрдамни тўсиқсиз ўтказиш ва далилларни сақлаш буюрилган.

АҚШ

АҚШ президенти Доналд Трамп Ғазодаги урушни тугатганини таъкидлаб, фақат бир марта - 7 октабрдаги ҳужумининг уч йиллигини эслаганда Исроил ҳақида гапирди.