Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 сентябрдаги 572-сон қарорига мувофиқ, педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш натижалари уларнинг икки босқичда тўплаган баллари асосида белгиланади.
Олий малака тоифасидаги педагоглар
Олий малака тоифаси ёки бош ўқитувчи лавозимидаги педагог икки босқич натижаси бўйича 80 ва ундан юқори балл олса, аттестациядан ўтган ҳисобланади ва унинг олий малака тоифаси сақланади.
80 баллдан кам натижа қайд этилса, педагог аттестациядан ўтмаган ҳисобланиб, биринчи малака тоифаси — етакчи ўқитувчи лавозимига туширилади. Навбатдан ташқари аттестацияда иштирок этган педагоглар бундан мустасно.
Биринчи малака тоифасидаги педагоглар
Биринчи малака тоифаси ёки етакчи ўқитувчи лавозимидаги педагог:
— 80 ва ундан юқори балл тўпласа, унга олий малака тоифаси берилади;
— 70 баллдан 79 баллгача тўпласа, биринчи малака тоифаси сақланади;
— 70 баллдан кам олса, иккинчи малака тоифасига — катта ўқитувчи лавозимига туширилади.
Иккинчи малака тоифасидаги педагоглар
Иккинчи малака тоифаси ёки катта ўқитувчи лавозимидаги педагог:
— 70 ва ундан юқори балл олса, биринчи малака тоифаси берилади;
— 60 баллдан 69 баллгача натижа кўрсатса, иккинчи малака тоифаси сақланади;
— 60 баллдан кам тўпласа, мутахассис — олий маълумотли ўқитувчи лавозимига туширилади.
Мутахассислар учун қанча балл керак?
Мутахассис ёки олий маълумотли ўқитувчи лавозимидаги педагог:
— 60 ва ундан юқори балл тўпласа, иккинчи малака тоифаси — катта ўқитувчи лавозими берилади;
— 55 баллдан 59 баллгача тўпласа, мутахассис лавозими сақланади;
— 55 баллдан кам натижа кўрсатса, аттестациядан ўтмаган ва мутахассис лавозимига мувофиқ эмас деб ҳисобланади.
Бунда навбатдан ташқари аттестациядан ўта олмаган педагогларга алоҳида тартиб қўлланади. Уларнинг амалдаги малака тоифаси ёки лавозими туширилмайди, шунингдек, улар эгаллаб турган лавозимига мувофиқ эмас деб ҳисобланмайди.
















