Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ, Пискент ва Оҳангарон туманларига режа-график асосида 5 кундан сув бериляпти. Kun.uz таҳририятига мурожаат қилган оҳангаронлик фермерларга кўра, муаммо 5 кунлик навбатда эмас, балки канал бўйлаб очиб олинган 21 та ноқонуний қулоқларда. Шу сабабли, ер майдони канал охирида жойлашган ўнлаб фермерларга сув етиб бормаяпти. Канал эса тозаланмаган.

Тошкент вилояти Оҳангарон туманининг бир гуруҳ фермерлари сув тақчиллиги муаммоси билан юзлашган. Туман ҳудудидан оқиб ўтадиган Ялпоқтепа канали тўсиб қўйилган. Беш кунлик навбат ортидан деҳқончилик орқага кетган. Қорахитой маҳалласи собиқ раиси Қўчқор Пўлатовнинг айтишича, 45 йил деганда биринчи марта навбат пайдо бўлди.

«Бу каналимиз 1980-йилларда барпо этилган. Аввал унга 9 куб сув кетарди. Ҳозирги долзарб пайтда каналимиздан навбат қилиб, беш кун у зона ишлатади, беш кун бу зона ишлатади. Фермерларимизнинг деҳқончилиги бутунлай орқага кетди. Цемент заводи орқасида катта ерлар бор, мана фермерларнинг ўзлари ҳам турибди. Уларга режа ҳисобланади. Сув бўлмагандан кейин режа қаердан бўлади? Мана 3 кун бўлди ўчганига», – дея вазият ҳақида айтади у.

Қўчқор Пўлатов, Қорахитой маҳалласи собиқ раиси

Пўлатовнинг сўзларига кўра, яқинда 3 куб сув берилган. У фермерларга етиб бормаган. «Мен 2025 йил 14 январ куни Оҳангарон туман ҳокимига каналнинг аҳволини кўрсатдим. Лекин ундан кейин ҳеч ким қизиқмади. Фермерларимизга жуда оғир, чилла кирди, далалар сув ичмаса улар режани қандай бажаради?

Фермерларимизга сув уч кунда етиб боради. Канални тозаласа, сув ҳаммага етган бўларди. Ундан 20 минг аҳоли фойдаланади. Бу ариқдан бу ариққа сув олаверсак, фақат ариқ суғорамиз, ё деҳқон бўлмайди, ё униси», – дейди Қўчқор Пўлатов.

Фуқароларнинг айтишича, узунлиги 32 км бўлган канал охирги марта 2015 йилда тозаланган. Каналнинг ҳозирги ҳолати чиндан ҳам оғир, ҳамма хоҳлаганича сув йўлини тўсиб олган.

Ялтоқтепа каналида очилган қулоқ

Шахсини сир тутишни сўраган фуқарога кўра, сувчиларнинг ўзи одамларга ноқонуний қулоқлар очиб беряпти. Натижада фермерларнинг 750-800 гектар ерига сув бормаяпти.