Адлия вазирлиги фермер хўжаликларининг бухгалтерия ҳисобини юритиш тартиби тўғрисидаги низомни давлат рўйхатидан ўтказди. Ҳужжат 2026 йил 11 августда 3921-сон билан рўйхатга олинган.
Низом Soliq-servis АЖнинг ҳудудий бўлимлари томонидан фермер хўжаликларига бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш бўйича хизматлар кўрсатиш тартибини белгилайди.
Ҳужжатга мувофиқ, пахта ва ғалла етиштирувчи фермер хўжаликларига бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш хизматлари бепул кўрсатилади.
Шунингдек, янги ташкил этилган фермер хўжаликларига уларнинг хоҳишига кўра, дастлабки 6 ой давомида солиқ ва молиявий ҳисоботларни юбориш хизматлари учун ҳақ ундирилмайди.
Раҳбари ёшлар бўлган янги ташкил этилган фермер хўжаликларига эса тегишли хизматлар 2 йил давомида бепул кўрсатилади.
Soliq-servisʼнинг ҳудудий бўлимлари фермер хўжалигини бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш тизимига қабул қилиш, бухгалтерия ҳисобини ташкил этиш ва юритиш билан ҳам шуғулланади.
Бундан ташқари, фермер хўжалиги ходимларининг иш ҳақи, солиқлар ва бошқа тўловларини ҳисоблаш, солиқ ва йиғимлар ҳисобини юритиш, солиқ, молиявий ва статистика ҳисоботларини тайёрлаш хизматлари кўрсатилади.
Ҳудудий бўлимлар фермер хўжаликларида инвентаризация ўтказиш жараёнида ҳам иштирок этади.











