Давлат хавфсизлик хизмати маълумотига кўра, Оҳангарон туманида фаолияти йўлга қўйилаётган паррандачилик фабрикаси қурилиши бўйича бош пудратчи ҳисобланган МЧЖ раҳбари жорий йил апрел ойида бошқа бир МЧЖ билан объектнинг ички йўлларини асфальтлаш бўйича 3,7 млрд сўмлик шартнома тузган.
Ёрдамчи пудратчи шартномада белгиланган ишларни бажарган. Шундан сўнг бош пудратчи келишилган маблағнинг 2,5 млрд сўмини унинг ҳисоб рақамига ўтказиб берган, қолган 1,2 млрд сўмни эса тўламаган.
ДХХ маълумотида айтилишича, бош пудратчи МЧЖ раҳбари ёрдамчи пудратчига асфалтлаш ишларини бириктириб бергани ва қолган 1,2 млрд сўмни тўлаб бериши эвазига корхона таъсисчисидан жами 83,5 минг АҚШ доллари талаб қилган.
ДХХнинг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ўтказган тезкор тадбирда МЧЖ раҳбари сўралган 83,5 минг долларни олаётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

















