Ўзбекистонга тўққиз кунлик тур доирасида Сингапур ва Осиё-Тинч океани минтақасидаги бошқа мамлакатлардан келган сайёҳлар Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива каби кўҳна шаҳарларга ташриф буюриб, диёримиз тарихи ва маданияти, гўзал табиати ва бетакрор меъморий ёдгорликлари, шунингдек, халқ урф-одатлари, миллий таомлари билан танишади.

Чартер парвозларни тарғибот қилиш мақсадида Chan Brothers Travel Ўзбекистонга бағишланган махсус маркетинг кампаниясини йўлга қўйиш, Сингапурда ўтказиладиган туристик кўргазмаларда Ўзбекистон туризм салоҳиятига бағишланган тадбирларни уюштириш, Сингапурнинг хитой ва малай тиллардаги оммабоп радиостанцияларнинг машҳур бошловчиларини саёҳатчилар билан бирга Ўзбекистонга юборишни режалаштирмоқда.

Мазкур ташаббус Сингапурдан Ўзбекистонга сайёҳлар оқимини оширишга хизмат қилади ва икки давлат ўртасидаги туризм соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқади.