8 август куни Вашингтонда Озарбойжон президенти Илҳом Алиев ва Арманистон бош вазири Никол Пашинян АҚШ президенти Доналд Трамп воситачилигида тинчлик келишуви бўйича меморандум имзолади. Уни баъзилар “тинчлик муносабатлари борасидаги декларация” деб ҳам номлади. Бу ҳали тинчлик шартномаси эмас, уни тузишга тайёргарлик ҳисобланади.
Вашингтонда парафирланган тинчлик битими лойиҳасига кўра, томонлар бир-бирининг ҳудудий яхлитлиги ва расмий чегараларини тан олади, ҳудудий даъволар қилмайди, тинчлик ўрнатади ва ўтмишдаги тўқнашувлар учун ўч олмайди.
Маълумки, Озарбайжоннинг барча ҳудудлари бир эмас. Нахичивон автоном республикаси Озарбайжоннинг асосий ҳудудидан ажралиб қолган. Эксклавга бориш учун ё Арманистон орқали, ё Эрон орқали ўтиш керак бўлади. Ҳозирда Арманистон ўз ҳудудидан Зангезур коридорининг ўтишига рози. Бу коридорни назорат қилиш эса, АҚШ компаниялари консорциумига берилади. Зангезур коридори устидан назоратни Озарбойжонга ёки Туркияга эмас, имкон қадар бошқа, бетараф давлатга бериш – Арманистон мухолифати ва жамоатчилигининг талаби эди. Ушбу назорат икки давлатнинг розилиги асосида АҚШ томонига бериладиган бўлди.
Хўш, энди бу икки давлат ўртасида тинчлик ўрнатиладими? Ўрнатилса, бу тинчлик қанчалик тез ва мустаҳкам бўлади? Бу саволларга ҳар бир давлат нуқтайи назаридан алоҳида, тарихий-сиёсий ракурсда қараш керак бўлади.
Озарбойжон шу пайтга қадар геосиёсий масалаларда иккита муҳим тамойилга, қадриятга урғу берар эди: нейтраллик ва глобал қўшилмаслик. Расмий Боку: “Биз НАТОга ҳам, КХШТга ҳам интилмаймиз. Минтақа атрофидаги қудратли давлатлар ўртасидаги рақобатда ҳеч ким тарафида бўлмаймиз” деган линияда эди. Бироқ, 2024 йилнинг декабрида Россия томонидан Озарбайжон самолётининг уриб туширилиши вазиятни ўзгартирди. Кейинги ойларда Озарбойжон–РФ муносабатлари янада таранглашди. Бугун Боку Украинага ҳатто моддий ёрдам беришга интилаётган давлат бўлиб улгурди. Мана шу фонда Озарбойжоннинг ташаббуси билан Зангезур коридори АҚШ томонига берилиши – Жанубий Кавказдаги геосиёсий вазиятни нейтралликдан кескинлик томон буради.
Хўш, Арманистондаги вазият қандай? Озарбойжоннинг талабига кўра, Арманистон референдум ўтказиб, Конституциясидаги Қорабоғга даъволар борасидаги шаъмаларни олиб ташлаши керак. Арманистон тинчликка интилмоқда. Лекин референдум ўтказиб керакли натижани олиш осон бўлмайди. Сабаби оддий: бугун Арманистон жамиятида Қорабоғ борасида реваншизм кайфиятлари кучли. “Имкон топиб Қорабоғни қайтариб олишимиз керак” деган кайфият кенг тарқалган. Қолаверса, бугун Арманистон жамиятида рейтинги энг юқори сиёсатчи бош вазир Пашинян бўлса-да, унинг рейтинги 13-15 фоиз атрофида. Ниҳоятда паст. Қолган сиёсатчиларнинг рейтинги янада паст. Демак, референдум арман жамиятини кучли чайқайди ва сиёсий консенсусга эришиш осон бўлмайди.

















