АПЛ. 1-тур. 15 август
«Ливерпул» — «Борнмут» 4:2
Голлар: Экитике (37), Гакпо (49), Семенио (64,76), Кеза (88), Салоҳ (90+4).
«Ливерпул» — Алиссон, Фримпонг (Эндо, 60), Конате, Ван Дейк, Керкез (Робертсон, 60), Собослай, Мак Аллистер (Жонс, 72), Салоҳ, Виртц (Кеза, 82), Гакпо, Экитике (Гомес, 72).
«Борнмут» — Петрович, Трюффер, Сенеси, Диаки́те, Смит, Адамс, Брукс (Уинтерберн, 84), Таверне, Скотт (Траоре, 74), Семенио, Эванилсон.
Огоҳлантиришлар: Брукс (14), Керкез (43), Эванилсон (81)
Жума оқшомида АПЛда янги мавсум старт олди. Бир неча кун олдин «Ливерпул» Англия Суперкубоги учун баҳсда сенсацион равишда «Кристал Пэлас»га ютқазганди, лиганинг илк ўйини эса «Энфилд»да ёзда ҳимоя чизиғини бутунлай ўзгартирган «Борнмут» меҳмон бўлди — Ҳаусен, Забарний ва Керкез кучлироқ жамоаларга ўтишди. Улардан учинчиси — айнан Арне Слот жамоасига келиб қўшилди. Қолаверса, меҳмонлар тўпурари Клюйверт жароҳатидан тузалишга улгурмаганди. Кўпчилик Англия чемпионлари йирик ҳисобда ғалаба қозонишини тахмин қилаётганди, амалда эса ўйин кутилмаган сценарийда кечди.
Ўйин олдидан стадионда фожиали ҳалок бўлган Диогу Жота ва унинг укаси Андре Силвани хотирлашди. Кейин эса ўйин бош ҳаками янги мавсумнинг илк ўйинини бошлаб берди. Мерсисайдликлар дарҳол бўш ҳудудларга эга бўлишди ва олдинга ташланишди, «Челси» собиқ дарвозабони Петровичнинг ҳушёрлигини текшириб кўришди. Шундай вазиятлардан бирида Салоҳ марказга кўчди ва тўпни дарвоза тўсини остига йўллади, дарвозабон маҳоратини ишга солиб, тўпни юқорига кўтариб юборди.
Аммо меҳмонлар ҳам таркибдаги йўқотишларга қарамай, ўз принципларидан чекинмади ва юқори прессинг уюштириб, мунтазам равишда тезкор ҳужумларга ўтди. 10-дақиқагача мезбонлар дарвозаси томон икки бор бурчак зарбаси ишланди. Шундан бир ҳолат сўнгги вақтларда ишончсиз ҳаракат қилаётган Конате дарвозабонга хато пас бериши туфайли белгиланди.
14-дақиқада эса мутлақо ғалати эпизод кузатилди. Сенеси қўлини ишга солиб, Экитике яккама-якка вазиятга чиқиб кетишига йўл қўймади. Ва гап тўп оёғи орқали қўлига келганида эмас, у онгли равишда яна бир бор бармоқлари билан тўп йўналишини ўзгартирди.

Ўйин бош ҳаками Энтони Тейлор эса «Борнмут» фойдасига жарима зарбаси белгилади, у бу вазиятда Экитике ҳужумда фол ишлатган деб топди. VAR вазиятга аралашмади. Ҳолбуки бу ҳолатд ҳимоячига қизил карточка кўрсатилиб, меҳмонлар дарвозасига пеналти қўйилиши ҳам мумкин эди.









