Муҳаммад Салоҳ фаолиятини «Трабзонспор»да давом эттиради. Ва бу ёзнинг энг кутилмаган трансферларидан бири бўлди.

Мисрлик ҳужумчи «Ливерпул»ни тарк этиши баҳордаёқ аниқ бўлганида, унга дастлаб Саудия Арабистони клублари даъвогарлик қилганди. Кейин эса Салоҳни Туркия билан – биринчи навбатда Истанбул грандлари билан боғлай бошлашди. Аммо сўнгги паллада Қора денгиз соҳилидаги клуб барчадан илдамлик қилди.

Салоҳ Истанбулга «Трабзонспор» футболкасида ташриф буюрди, аэропортда уни юзлаб мухлислар кутиб олди. Тиббий кўрикдан кейин футболчи Трабзонга йўл олди, бу ерда пайшанба куни у билан шартнома имзолаш маросими бўлиб ўтади. Катта эҳтимол билан, энди у 11-рақам ўрнига 61-рақамли футболкада тўп суради – бу Трабзон шаҳри коди бўлиб, маҳаллий мухлислар учун муҳим рақам ҳисобланади.

Туркия футболини кузатмайдиганларни бу танлов ажаблантирди. У Туркияга йўл олишини кутганлар кўп эди, аммо у мунтазам равишда чемпионлик учун курашадиган Истанбул грандларидан бирининг сафига ўтиши тахмин қилинаётганди. Ва чиндан ҳам Салоҳ «Бешиктош»га ўтишга яқин турганди.

«Бешиктош» варианти молиявий шартлар туфайли ўхшамади

Истанбулликлар клуби мисрлик ҳужумчининг вакиллари билан бир неча бор учрашув ўтказган, beIN Sports маълумотига кўра, унга йилига 15 миллион евролик маош кафолатланган икки йиллик шартнома таклиф қилинган. Шунингдек, бонуслар кўринишида яна тўрт миллион евро ваъда қилинган. Имиж ҳуқуқлари эвазига футболчининг йиллик даромади 19-20 миллион евро атрофида бўлиши керак эди.

Музокаралар июл ойи охирида боши берк кўчага кириб қолган. Бунда агентлик комиссияси, имиж ҳуқуқлари ва Салоҳ номи билан сотиладиган маҳсулотлардан улуш бўйича муаммо чиққан. Футболчининг агенти Рами Аббос 7,5 миллион евро сўраган. «Бешиктош» бу суммани пасайтиришга ҳаракат қилган, аммо томонлар муросага кела олмаган. Шунда вазиятга «Трабзонспор» аралашган.

Инсайдер Яғиз Сабунчиўғлининг маълумотига кўра, ушбу клуб Салоҳга йилига 17 миллион евро маош тўлашни кўзда тутувчи икки йиллик шартнома таклиф қилган. Туркиядаги нашрлар беш миллион евролик бонус ҳамда футболкалар сотувидан 20 фоизлик улуш ҳам ваъда қилингани ҳақида ёзишган.

Таклиф этилган суммаларга қараганда, молиявий омил Салоҳнинг қарорида ҳал қилувчи ролни ўйнаган.

«Ливерпул»ни афсона сифатида тарк этди

Муҳаммад Салоҳ «Ливерпул»да 2017 йилдан буён ўйнаётганди, у ўшанда Англияга Италиянинг «Рома» клубидан келганди. Тўққиз мавсум давомида мисрлик ҳужумчи «Ливерпул» сафида 442 ўйинда майдонга тушиб, 257 гол урди ва 120 та голли узатма муаллифи бўлди. У клуб тарихидаги энг яхши тўпурарлар рўйхатида учинчи ўринни эгаллайди ва бир жамоа сафидаги голли ҳаракатлар сони бўйича (377) АПЛ рекордчиси ҳисобланади.