Трансферлар бозорида доимгидек АПЛ клублари фаоллик кўрсатмоқда. Жамоалар аллақачон таркибларини янги футболчилар билан тўлдиришди, лекин қолган бир ой давомида навбатдаги катта трансферлар ҳам рўй бериши мумкин.

«Арсенал»

Ким керак: чап қанот вингери, марказий яримҳимоячи, ҳужумчи

Умуман олганда, «канонирлар»да сифатли ва кенг таркиб мавжуд – Микел Артета алоҳида ўйинларда ҳам, узун мавсум давомида ҳам фаол ротация қилиш имкониятига эга. Аммо янада кучайтиришга зарурат бўлган бир неча позициялар борки, трансферлар бозоридаги сўнгги миш-мишлар ҳам буни тасдиқлайди.

Сўнгги кунларда «Реал» билан шартномаси тугашига бир йил қолган ва янги шартнома бўйича келиша олмаётган Винисиус ҳақида турли хабарлар чиқмоқда. ESPN ва The Athletic нашрлари лондонликлар раҳбарияти ушбу бразилиялик юлдузни трансфер қилиш ғоясини бир овоздан маъқуллаши ҳақида ёзган. «Арсенал»да чап қанот анчадан буён оқсамоқда – ўтган мавсумда ҳужумларнинг фақат 33 фоизи шу қанотдан амалга оширилган, ўнг қанотдаги кўрсаткич – 43 фоиз. Қолаверса, бу ёзда Леандро Троссар ҳам жамоани тарк этди. Тўғри, «канонирлар» аллақачон бу қанотга 40 миллион еврога «Брюгге» вингери Христос Золисни трансфер қилди, аммо у ҳали Мартинелли билан қанчалик рақобатлаша олиши аниқ эмас.

Шунингдек, марказий ҳужум чизиғи бўйича мавҳум вазият юзага келган. Йокерешнинг трансферини муваффақиятсизлик деб бўлмайди, аммо у барибир ўзини супертўпурар сифатида кўрсата олмади. Ҳаверц эса сўнгги йилларда кўп жароҳат олмоқда. Шундай экан, «Арсенал» Ҳулиан Алварес атрофидаги вазиятни синчковлик билан кузатиб бораётгани бежиз эмас. Миш-мишларга кўра, «канонирлар» аргентиналик ҳужумчи трансфери учун Йокереш ва қўшимча маблағ беришни кўзлаган.

Жамоа яримҳимоясидаги Райс ва Субимендига эса ротация керак, уларнинг иккиси ҳам ўтган мавсумда тўхтовсиз ўйнашига тўғри келди ва мавсум охирига бориб толиқиб қолишди, захирадаги Кристиан Норгарга эса Артета ишонч билдирмади. «Арсенал» бу позиция учун «Нюкасл» сардори Бруно Гимарайш бўйича музокаралар олиб бормоқда, «қарғалар» 80 миллион евролик таклифни рад этишган ва футболчи учун 80 миллион фунт сўрашмоқда.

Агар бу трансферлар амалга ошадиган бўлса, «Арсенал» нафақат АПЛда, балки ЕЧЛда ҳам чемпионлик учун асосий даъвогарга айланади.

«Манчестер Сити»