Жаҳон | 11:29 / 20.08.2025
4466
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ерости махфий қувури ташкилотчиларига суд ҳукми ўқилди

Қувур орқали 2 ой давомида Қозоғистон нефт маҳсулотлари Ўзбекистонга контрабанда қилинган.

Фото: Видеодан кадр

Қозоғистоннинг Туркистон вилояти суди Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ерости қувури орқали ёқилғини ноқонуний ташиш иши бўйича ҳукм чиқарди, деб хабар берди Tengrinews.

Иш материалларига кўра, 2024 йил июль ойида маҳаллий фуқаро К. Ўзбекистон фуқароси Р. билан трансмиллий жиноий гуруҳ тузиш учун тил бириктирган. Бирлашма таркибида бошқа шахслар ҳам бўлган.

Сариёғоч туманининг Сарқирама қишлоғи ҳудудида улар Қозоғистон ва Ўзбекистонни боғлайдиган 375 метр узунликдаги ерости қувурини ётқизган. 2024 йил август-декабрь ойларида у орқали 420,3 тонна АИ-92 русумли бензин ноқонуний ташилган. Ёқилғининг умумий қиймати 112 миллион тенгени (тахминан 200 минг доллар) ташкил этди.

Суд ҳукми билан К. 15 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Бошқалар 13 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Улардан 3 миллион тенге, 16 минг литр АИ-92 бензини, шунингдек, ЗИЛ ва ГАЗ русумли юк машиналари мусодара қилинди.

Таъкидланишича, ҳукм ҳали қонуний кучга кирмади.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ерости туннели орқали нефт маҳсулотлари контрабандаси канали махсус операция давомида хавфсизлик кучлари томонидан йўқ қилинган эди.

Қозоғистон 2025 йил 29 мартдан бошлаб автомобил ва темир йўл транспортида бензин ва дизел ёқилғисини олиб чиқишни 6 ой муддатга тақиқлади. Бу мамлакат ички бозорида ёқилғи-мойлаш материаллари тақчиллигининг олдини олиш мақсадида амалга оширилди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид