Ўзбекистонда охирги йилларда энергетик ичимликлар бозори кескин кенгаймоқда. Тошкентдан тортиб вилоят марказларигача деярли ҳар бир дўконда уларнинг турфа хили савдо расталарида мавжуд. Айниқса, мактаб ва коллеж ёшидаги ўқувчилар ҳамда талабалар орасида бу ичимликларга талаб юқори. Рекламаларда “энергия берувчи”, “уйқуни қочирувчи” сифатида кўрсатиладиган суюқликларнинг асл таркиби эса соғлиқ учун жиддий хавф туғдиради. Бундай ичимликлардаги кофеин юракка, шакар метаболизмга, сунъий қўшимчалар эса умумий организмга зарар етказади. Улар танага тезда тетиклик улашади, лекин мазкур қувват соғлиққа зарар етиши ҳисобига ҳосил бўлади.

Кофеин – тетиклик ортидаги хавф

Энергетик ичимликларнинг организмни тетиклаштирувчи асосий “қуввати” кофеиндан ҳосил бўлади. Бу модда марказий асаб тизими фаолиятини қўзғатиб, уйқуни қочиради, сергаклик беради ва чарчоқни вақтинча босади. Шу туфайли кўпчилик имтиҳонларга тайёрланаётганда, тунгача ишлаш ёки спорт мусобақаларига қатнашиш олдидан бундай ичимликларни истеъмол қилади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, бир шиша (250–330 мл) энергетик ичимлик таркибидаги кофеин миқдори икки-уч стакан кучли қаҳвага тенг бўлади. Бундай юқори дозадаги кофеин юрак уришини тезлаштиради, қон босимини оширади ва айрим ҳолларда юрак ритмини бузиши мумкин. Айниқса, ўсмирлар ва юрак-қон томир касаллиги бор одамларда бу ҳолат хавфли оқибатларни юзага келтириши эҳтимоли баланд.

Кофеиннинг ортиқча истеъмоли уйқусизлик, асабийлик, қўл-оёқларда қалтираш, меъда-ичак фаолиятида бузилишлар ва ҳатто бош оғриғига сабаб бўлади. Баъзи ҳолларда организмда “кофеин қарамлиги” шаклланиб, инсон тинчланиш ёки ишлаш учун доимо янги дозага эҳтиёж сеза бошлайди. Бу эса соғлом турмуш тарзига зид бўлиб, узоқ муддатли оқибатларда организмнинг умумий заифлашишига олиб келиши мумкин.

Шифокорлар катта ёшдагилар учун кофеин истеъмолини кунига 400 мг.дан, ўсмирлар учун эса 100–150 мг.дан оширмасликни тавсия этади.

Шакар – “ширин душман”

Энергетик ичимликларнинг асосий таркибий қисмларидан бири — шакар. Одатда, 0,5 литрли машҳур бренд номи остидаги ичимликларининг ҳар бирида 15–18 чой қошиқ атрофида шакар бўлади. Таққослайдиган бўлсак, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) катталар учун кунлик шакар истеъмолини 5–6 чой қошиқдан оширмасликни тавсия қилади. Демак, битта энергетик ичимлик ичиш орқали одам кунлик меъёрни уч баробардан ортиқ қабул қилган бўлади. Шакар тезкор энергия манбаи сифатида қисқа муддатга тетиклик бағишлаши мумкин, бироқ бу таъсир узоққа чўзилмайди. Бир неча соат ичида организмда кескин қувват пасайиши, яъни