Варшава расмийлари АҚШ президенти Доналд Трампнинг Россия учувчисиз учоқлари Полшага тасодифан учиб келган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги баёнотини рад этди. Полша бош вазири Доналд Туск X ижтимоий тармоғида: «Полшага учувчисиз учоқлар ҳужуми хато бўлишини истардик. Лекин ундай эмас. Биз буни биламиз», деб ёзди.

Dpa ахборот агентлиги маълумотларига кўра, Россиянинг камида битта учувчисиз учоғи Полшанинг Жешув аэропортида жойлашган Украинага ҳарбий ёрдам тарқатиш маркази томон учган. Шу боис ҳарбийлар дроннинг бостириб кириши тасодифий бўлганини эҳтимолдан йироқ деб ҳисобламоқда, дея хабар бермоқда dpa НАТОдаги манбаларига таяниб.

Аввалроқ Доналд Трамп Россия учувчисиз учоқларининг Полша ҳаво ҳудудига бостириб кирганини қоралар экан, бу қасддан содир бўлган бўлиши мумкинлигини тан олди. «Бу хато бўлиши мумкин эди, лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам, мен бутун вазият билан боғлиқ бўлган ҳамма нарсадан мамнун эмасман», деди АҚШ президенти Оқ уйда журналистларга. У «бу ишлар тугашига» умид билдирди. Унинг қўшимча қилишича, у Россияни «ҳатто бу чизиққа яқин бўлгани учун» қоралайди. «Бу менга ёқмайди. Мен бундан мамнун эмасман», деди Трамп.