Германия канцлери Фридрих Мерцнинг таъкидлашича, Европа Иттифоқи Россиянинг музлатилган активларидан Украинага ёрдамни молиялаштириш учун фойдаланиш тўғрисида шу ойнинг бошида қарор қабул қилиши мумкин. «Уч ҳафта ичида Европа кенгашининг навбатдаги йиғилишида аниқ қарор қабул қилинади», деди у 2 октябр, пайшанба куни Копенҳагенда бўлиб ўтган Европа сиёсий ҳамжамиятининг йиғилишида.
Мерц «Украинага ёрдам беришда давом этиш ва урушни тезда тугатишни таъминлаш учун Россия активларидан фойдаланишнинг ҳар қандай усулини» қўллаб-қувватлашини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, Европа Иттифоқи етакчилари Копенҳагенда бу масалани батафсил муҳокама қилган. Еврокомиссия режасига кўра, Украина учун «товон тўлаш облигациялари»ни чиқаришга тахминан 140 миллиард евродан фойдаланиш керак. Киев Россиядан репарация тўловларини олган тақдирдагина қарзни тўлашга мажбур бўлади.
Европа Иттифоқининг навбатдаги саммити 23-24 октябр кунлари Брюсселда бўлиб ўтади.












