Куннинг марказий баҳсида L гуруҳи пешқадамлари ўртасида кечди – биринчи даврада хорватлар ўз майдонида 5:1 ҳисобида устун келганди, аммо Прагада кечган учрашув мухлисларнинг ҳафсаласини пир қилди. Бу Европа саралаш босқичида икки томон ҳам гол урмаган ягона ўйин бўлди. Ҳатто xG кўрсаткичлари бўйича ҳам жамоаларнинг бирортаси битта ҳам голга яқин кела олишмади (0,49 га қарши 0,77).
Бу стратегик дурангдан кейин икки жамоада ҳам 13 тадан очко бор, лекин хорватларнинг тўплар нисбати яхшироқ, қолаверса, болқонликлар ҳисобида битта захира ўйини ҳам мавжуд.
Куннинг энг кутилмаган ҳисоби ҳам шу гуруҳда қайд этилди. Эйдун Клакстейн бошқарувидаги Фарер ороллари жамоаси Торсхавндаги ўйинда Черногорияни йирик ҳисобда мағлуб этиб, гуруҳ пешқадамларини таъқиб қилишга киришди. Ўйиндаги биринчи голни мезбонлар қарши ҳужумда уришди, Сёренсен рақиб жарима майдони ичида Вукчевични осонлик билан алдаб ўтди ва эпизодни ўз фойдасига ҳал қилди. Кейин фарерликлар стандарт вазиятни ижро этганида тўп учун кураш олиб борган Роганович ўз дарвозасини ишғол этиб қўйди. Иккинчи бўлим бошида Сёренсен яқин масофадан бош билан аниқ зарба йўллаб, ҳисобни йириклаштирди. Бўлим давомида Фредериксберг пеналтини аниқ ижро этди ва Фарер ороллари жамоаси ўз тарихидаги энг йирик ғалабали ҳисобни такрорлади. Бунгача улар Лихтенштейн билан ўйинларда икки бор йирик ҳисобда зафар қучганди (5:1 ва 4:0).
Малта майдонидаги ўйин Нидерландия учун кутилмаган ҳолат билан бошланди. «Тўқсариқранглилар» жамоаси сардори ван Дейк қўпол хатога йўл қўйиб, жарима майдони ичида тўпни рақибга топширди, аммо Мбонг яккама-якка вазиятдан фойдалана олмади. Кейин эса ҳакам мезбонлар дарвозаси томон уч марта пеналти белгилади, улардан бири VAR орқали бекор қилинди, қолган иккитасида Гакпо ишонч билан ҳаракат қилди ва терма жамоа сафидаги голлари сонини 17 тага етказиб, Руд Гуллит ва Марк Овермарс билан тенглашиб олди. У Рейндерс урган учинчи голда эса ассистентлик қилди. Қўшимча дақиқаларда эса Думфрис рақиб жарима майдони ичида ажойиб финт ишлатди ва Нидерландия терма жамоаси тарихидаги энг яхши тўпурар Мемфис Депайга навбатдаги голини уришда ёрдам берди. Йирик ғалабадан кейин Нидерландия гуруҳ пешқадамлигини мустаҳкамлади.
Нидерландларнинг гуруҳдаги таъқибчиларидан бири Финландия Литва билан ўйинда ирода кўрсатиб, ЖЧ йўлланмаси учун курашда қоладиган бўлди. Иккинчи бўлим бошида Келлманнинг ҳисобни тенглаштирувчи голи аввалига офсайд туфайли ҳисобга олинмаганди, аммо видеотакрордан кейин тўп унга рақибдан келгани маълум бўлди. Кўп ўтмай Адам Мархиев ғалаба голини урди. Финнлар сафида сентябр ойида дебют қилган ушбу ёш футболчи учинчи ўйинига келиб голлар ҳисобини очди, унинг унча кучли бўлмаган, аммо аниқ бўлган зарбасидан кейин тўп юқори бурчакка бориб тушди.
Баҳорда «Ҳэмпден Парк»да греклар Шотландиянинг Миллатлар лигаси олий дивизионига чиқиш умидларини чилпарчин этганди (3:0). Бу сафар ҳам барчаси мезбонлар учун ёқимсиз сценарийда бошланиши мумкин эди, аммо ўйин стартида эллинлар жамоаси тўпурари Павлидис дарвозабон ҳудудида туриб, тўпни тўғри йўллай олмади. Лекин иккинчи бўлим бошида чап қанот ҳимоячиси Цимикас жарима майдонида пайдо бўлди ва аниқ зарба билан ҳисобни очди. Шундан кейингина британлар катта куч билан олдинга ўтишди ва стандарт вазиятлар орқали ўйинда бурилиш ясашди. Аввалига Кристи мувозанатни тиклади, кейин Фергюсон жарима майдонидаги тартибсизликдан фойдаланиб қолди. Ҳисоб 2:1 ҳолатида тажрибали дарвозабон Ганн 17 ёшли вундеркинд Каретсаснинг мураккаб зарбасини қайтариб, жамоаси ғалабасини сақлаб қолишга катта ҳисса қўшди. Қўшимча дақиқаларда эса греклар дарвозабони Цолакис қўпол хатога йўл қўйди, у майдон ташқарисига чиқиб кетаётган тўпни майдонда сақлаб қолишга уринди, аммо уни рақиб футболчиси Дайксга ташлаб берди. Натижада эллинлар гуруҳдаги икки рақобатчисига ҳам ютқазган ҳолда 3 очко билан учинчи ўринда, Шотландия эса Дания билан биринчи ўрин учун курашади.
Дания эса ўзи қилиши керак бўлган ишни қилди. Аниқроқ айтганда, гуруҳ аутсайдери ҳисобланган беларуслар майдонидан уч очко билан қайтди, бунда уч футболчининг ҳиссасини эътироф этиш керак. Биринчи навбатда — бошланғич таркибдан ўрин олган 19 ёшли яримҳимоячи Фроҳолдтни, «Копенҳаген» ёзда уни «Порту»га 20 миллион еврога пуллаганди. У шу куни терма жамоадаги илк голини урди ва иккинчи голда Ҳойлундга узатма берди. Расмус «МЮ»дан кетганидан кейин юқори спорт формасини намойиш этишда давом этмоқда. У «Наполи»га келганидан кейин ўтган мавсумда урган голлари (4) сонини такрорлаб улгурди.
Бу ўйин ҳақидаги асосий факт – Австрия терма жамоаси Сан-Марино дарвозасига 10 та гол йўллаган ҳолда, ўз тарихидаги энг йирик ғалабасига эришди. Мезбонлар ғалабасини ўйиндан олдин ҳам тахмин қилиш қийин эмасди, шу билан бирга, улар учун тўплар нисбатини яхшилаб олиш муҳим эди. Натижада Арнаутович покерни расмийлаштириб, Австрия тарихидаги энг яхши тўпурарга айланди. Энди Марконинг ҳисобидаги голлар сони 45 тага етди. У Тони Полстерни (44 гол) ортда қолдирди.