Қозоғистон Цемент ва бетон ишлаб чиқарувчилари ассоциацияси (QazCem) раҳбари Ербол Ақимбаев Forbes Kazakhstan’га берган интервьюсида Ўзбекистон ҳукумати томонидан қабул қилинган «махфий ҳужжат» ҳақида гапирди. Ақимбаевга кўра, мазкур «яширин» қарор Қозоғистондан экспорт ҳажмининг кескин камайишига сабаб бўляпти.

«Ўзбекистонда Қозоғистондан келтирилаётган цементни 300 доллар нархда декларация қилишни ва айнан шу сумма асосида солиқ тўлашни мажбурий қилиб қўйишган. Аслида эса биз цементни 30 доллар нархда олиб кирамиз. Демак, солиқлар ҳам шунга яраша паст бўлиши керак», деди QazCem раҳбари.

Журналистнинг «Бу қонунийми?» деган саволига Ақимбаев ҳолат жуда нозик эканлигига урғу бериб, бошқа давлатнинг ҳуқуқий ҳужжатлари қонуний ёки йўқлигини баҳолай олмаслигини айтди.

«Агар ҳужжат жорий этилган бўлса, демак, божхона ходимлари уни бажаришга мажбур. Аммо унда ўзаро савдо ҳажмини ошириш ҳақидаги баёнотлар қаерда қолади? Энди қаранг: улар бу буйруқни киритгач, сўнгги етти йил ичида биринчи марта бизнинг Ўзбекистонга экспортимиз нолга тенглашди. Август ойида биз Ўзбекистонга бир тонна ҳам цемент экспорт қилмадик. Чунки улар мажбур қилаётган нархда цементни ҳеч ким сотиб олмайди. Агар Ўзбекистон шундай йўл тутаётган бўлса, демак, Қозоғистон ҳам жавоб чораларини кўришга ҳақли», деди QazCem раҳбари.

Ақимбаевнинг иддао қилишича, бу қарор яширин тарзда қабул қилинган ва уни очиқ манбаларда топишнинг имкони йўқ.

«Афсуски, бизда ҳозирча ишончли далил йўқ. Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг ўша қарори очиқ манбаларда топилмаяпти. Фақатгина Ўзбекистон божхонасидаги ходимнинг телефон экранидан олинган суратгина бор. Бу гўёки «етти муҳр билан ёпилган сир»га айланган. Нега? Чунки агар бу буйруқ очиқ эълон қилинса, дарҳол катта шов-шув кўтарилади», деди у.

Маълумот учун, Ўзбекистонга цемент импорт қилиш учун 30 фоизлик бож жорий қилинган.

Қозоғистон цемент бозоридаги вазият

Ербол Ақимбаев Қозоғистон ички бозори тўйингани фонида цемент заводлари ёпила бошлагани ҳақида ҳам гапирди.

«Бизда ортиқча ишлаб чиқариш инқирози юзага келган. Ишлаб чиқариш қувватларимиз ҳозирда мамлакат эҳтиёжидан деярли 1,5 баравар кўп, яқинда эса бу кўрсаткич икки бараварга чиқади. Чунки бизда ҳозир яна учта янги завод қуриляпти: иккитаси Ақтобе вилоятида, биттаси эса Ғарбий Қозоғистон вилоятида. Такрор айтаман, шундоқ ҳам бизда етарли даражада цемент бор», деди у.