«Манчестер Сити» Абдуқодир Ҳусанов билан шартнома узайтирилганини расман маълум қилди. Клуб хабарига кўра, ўзбекистонлик ҳимоячининг янги келишуви 2031 йилгача амал қилади.
Ҳусанов ўтган мавсумда «Манчестер Сити» сафида барча мусобақалар доирасида 37 та учрашувда майдонга тушди. Ушбу ўйинларда ҳимоячи гол ёки голли узатма қайд этмаган.
Шунга қарамай, ўзбекистонлик футболчи жамоа ҳимоя чизиғида мунтазам иштирок этиб, мавсум давомида турли мусобақаларда ўйин амалиётига эга бўлди.
Ҳусанов «Манчестер Сити» билан Англия кубоги ва Англия Лига кубогини қўлга киритди.
Абдуқодир Ҳусанов «Манчестер Сити» сафига 2025 йил январ ойида Франциянинг «Ланс» клубидан келиб қўшилган эди. Шу тариқа у Англия Премьер-лигасида ўйнаган илк ўзбекистонлик футболчига айланган.
Энди янги шартнома Ҳусановнинг «Манчестер Сити»даги фаолиятини 2031 йилгача давом эттиришини назарда тутади.











