Ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари Бекмурод Абдуллаевга оид жиноят иши 29 июл куни Янгиҳаёт туман судида кўриб чиқилади.

Бекмурод Абдуллаев Жиноят кодексининг 167-модда (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 2-қисми а-, б-бандлари ва 167-модда 3-қисми а-, б-, в-, г-бандлари билан айбланмоқда.

Судланувчилар орасида Жазони ижро этиш департаменти собиқ бошлиғи Рустам Турсунов ҳам бор. У 167-модда 2-қисми а-, б-бандлари, 167-модда 3-қисми а-, в-бандлари ҳамда 205-модда 2-қисми а-, б-бандлари билан айбланмоқда.

Судланувчилар жами 30 нафар бўлиб, улардан 16 нафарига нисбатан қамоқ, қолган 11 нафарига бошқа турлича эҳтиёт чоралари қўлланган.

Бекмурод Абдуллаев 2021 йил апрел ойидан ички ишлар вазири ўринбосари – Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи лавозимида ишлаган, 2025 йил 3 ноябр куни ишдан олинган эди. Kun.uz Бекмурод Абдуллаевга нисбатан тергов бошлангани ва эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олингани ҳақида хабар берганди.

Рустам Турсунов 2017–2018 йилларда Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, 2018 йилдан Навоий вилояти ИИБ бошлиғи сифатида фаолият юритган. 2021 йил феврал ойидан Жазони ижро этиш департаменти бошлиғи сифатида иш бошлаган, 2025 йил ноябр ойи бошида, Бекмурод Абдуллаев билан бир кунда президент фармойиши билан лавозимидан озод этилганди.

Президент Шавкат Мирзиёев жорий йил 27 январ куни бўлиб ўтган йиғилишда Ички ишлар вазирлиги тизимида давлат харидлари давомида 186 млрд сўм бюджет маблағларининг ўзлаштирилгани аниқлангани ҳамда бу иш доирасида ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари Бекмурод Абдуллаев ва Жазони ижро этиш департаменти собиқ бошлиғи Рустам Турсуновга қарши жиноий иш қўзғатилганини айтганди.

Апрел ойида Бекмурод Абдуллаев озодликка чиққани маълум қилинди. Kun.uz манбасига кўра, у етказилган 200 млрд сўмдан ортиқ зарарни нақд пул шаклида тўлаб берганидан сўнг, унга қўлланган қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси гаровга ўзгартирилган.