27 июль куни жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судида Солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган, 57 ёшли Мубин Мирзаев ва яна 8 кишига оид жиноят иши юзасидан ҳукм ўқилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, суднинг ҳукми билан Мубин Мирзаев Жиноят кодексида назарда тутилган 3 та модда бўйича айбдор деб топилган:
- 168-моддаси 4-қисмининг «а» банди (жуда кўп миқдорда фирибгарлик);
- 205-моддаси 2-қисмининг «а» банди (мансаб ваколатини жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда суиистеъмол қилиш);
- 208-моддасида (ҳокимият ҳаракатсизлиги) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди.
Мирзаевга нисбатан 3 йил муайян ҳуқуқдан маҳрум қилган ҳолда 8 йил 2 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Шунингдек, орасида муқаддам судланганлар ҳам бўлган бошқа судланувчиларга Жиноят кодексининг қуйидаги моддалари бўйича айбдор деб топилган:
- 141-2-моддаси (шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчиликни бузиш);
- 184-моддаси (солиқларни ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш);
- 189-моддаси (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш);
- 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш);
- бошқа моддаларнинг тегишли қисми ва бандлари билан айбдор деб топилди.
Улар 5 йилдан 9 йилгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум этилди. Суд ҳукми билан етказилган зарарлар ундирилиши ҳам белгиланди.
Маълум қилинишича, тайинланган жазолар судланувчиларга нисбатан «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси қўлланилган кундан бошлаб ҳисобланади.
Суд якунида раислик этувчи тарафларга суд ҳукми мазмуни ва унга нисбатан шикоят бериш тартиби ҳамда муддатлари тушунтирган.
Солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келган Мубин Мирзаев жорий йил январь ойида, президент селекторида ишдан олинган эди
















