Жаҳон | 14:54 / 29.10.2025
4178
3 дақиқада ўқилади

Венгрия Европа Иттифоқи ичида Украинага қарши блок тузмоқчи

Венгрия Словакия ва Чехия билан саъй-ҳаракатларни бирлаштириб, ЕИ ичида Украинага нисбатан скептик кайфиятдаги алянс шакллантиришни мақсад қилган, деб ёзади Politico Венгрия бош вазири Виктор Орбаннинг сиёсий маслаҳатчиси Балаж Орбанга таяниб. Кремл ғояга баҳо берди.

Фото: Geert Vanden Wijngaert/AP/picture alliance

Венгрия Чехия ва Словакия билан бирга Европа Иттифоқи ичида Украинага нисбатан шубҳали муносабатда бўладиган блок яратишни кўзламоқда, деб ёзади Politico нашри бош вазир Виктор Орбаннинг бош сиёсий маслаҳатчиси Балаж Орбанга ишора қилган ҳолда 28 октябр куни.

Прага томонидан бу коалициядаги ҳамкор сифатида Будапешт яқинда сайловда ғолиб чиқиб, ҳукумат тузиш бўйича музокара бошлаган ўнг популист Андрей Бабишни кўрмоқда. Братислава томонидан эса амалдаги бош вазир Роберт Фицо ҳукумати кўрилмоқда. Умуман олганда, ушбу уч шарқий европалик раҳбар ЕИ саммитлари олдидан ўз позицияларини мувофиқлаштиришни режалаштирмоқда. «Мустаҳкам сиёсий бирлашма ҳали узоқ бўлса-да, унинг яратилиши ЕИнинг Украинага молиявий ва ҳарбий ёрдам кўрсатиш саъй-ҳаракатларини жиддий қийинлаштириши мумкин», — деб ёзади Politico.

Балаж Орбан «Вишеград тўртлиги» (Полша, Венгрия, Чехия ва Словакия) билан таққослади, у 2015 йилдаги миграция инқирози пайтида ЕИга ноқонуний мигрантлар оқимига қаршилик кўрсатган эди. Бироқ 2022 йилда Россия қўшинларининг Украинага босқинидан сўнг «тўртлик» ичида жиддий қарама-қаршиликлар бошланди. Шу боис, деб тахмин қилади Politico, «Вишеград тўртлиги» Полша иштирокисиз «учлик»ка айланиши мумкин. Аммо бундай алянс яратиш ҳам вақт талаб этади: чунки, Роберт Фицо 2023 йилда Словакияда бош вазир лавозимига қайта сайланган бўлса-да, ҳозирча Виктор Орбан билан аниқ сиёсат йўналишлари бўйича расман иттифоқ тузмаган, Андрей Бабиш эса Чехияда ҳукумат тузиши керак, дейди журналистлар.

Politico Балаж Орбанга таяниб ёзишича, янги антиукраин гуруҳ таркибига фақат европалик ҳукуматлар эмас, балки бошқа давлатларнинг Европарламентдаги партиялари ҳам кириши мумкин. Эҳтимолий ҳамкорлар сифатида у «Европалик консерваторлар ва ислоҳотчилар» ҳамда «Суверен миллатлар Европаси» ўнг фракцияларини, шунингдек, «айрим сўл гуруҳлар»ни келтирди.

Вақт ўтиши билан, деб ҳисоблайди Орбаннинг маслаҳатчиси, Брюсселнинг амалдаги сиёсатини қоралайдиганлар сафига марказчи-ўнг «Европа халқ партияси» вакиллари ҳам қўшилиши мумкин, бу эса Европарламентдаги марказчи кўпчиликни пароканда қилиши эҳтимолдан ҳоли эмас.

Россия президенти Владимир Путин матбуот котиби Дмитрий Песков Европада янги антиукраин блок яратилиши ҳақидаги саволга жавоб бериб, «давлатларнинг мутлақ кўпчилиги европалик милитаристик мейнстримда… милитаристик истерия ҳолатида», деди.

«Кам бўлса-да, ЕИда ўз ҳуқуқларини мавжуд механизмлар орқали ҳимоя қилаётган давлатлар ҳам бор. Уларга қийин, аммо кейин нима бўлишини кўрамиз», — дея Песковнинг сўзларини келтиради «Регнум» нашри.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид