Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Британия университети билан ҳамширалик бўйича қўшма дастур жорий этилади
Элчихона кўмагида London South Bank University (LSBU) ва Ўзбекистон Ҳамширалар академияси ўртасида онлайн учрашув ўтказилди. Томонлар ҳамширалик иши бўйича қўшма ўқув дастурини жорий этиш ва ўқитувчи-профессорлар учун малака ошириш курсларини йўлга қўйишга келишди.
«Дунё» АА хабарига кўра, мамлакат элчихонаси ташаббуси ва кўмагида LSBU ҳамда Ўзбекистон Ҳамширалар академияси раҳбарияти иштирокида онлайн музокара бўлиб ўтди. Учрашувда ҳамширалик фаолияти бўйича ўқув дастурларини миллий стандартларга мос ҳолда жорий этиш, ўқитувчи-профессорлар таркиби учун малака ошириш курслари, методик қўлланмалар алмашинуви ва тажриба амалиётлари масалалари муҳокама қилинди.
Хорижий шерикка Академиянинг таълим йўналишлари ва амалий базаси ҳақида батафсил маълумот берилди. Музокаралар якунида қўшма ўқув дастурини амалий босқичга чиқариш, кадрлар тайёрлаш сифатини халқаро мезонлар асосида ошириш бўйича келишувга эришилди.
Маълумот учун: 1892 йилда ташкил этилган LSBU да ҳозирда тахминан 18 минг талаба таҳсил олади, 1,7 мингга яқин профессор-ўқитувчи фаолият юритади. Университет соғлиқни сақлаш, амалий фанлар, муҳандислик, бизнес, ҳуқуқ ва ижтимоий фанлар бўйича таълим беради.