Жаҳон | 16:20 / 13.11.2025
13429
6 дақиқада ўқилади

Зеленский Украина ҳарбийлари Покровскдан олиб чиқилишини истисно этмаяпти

«Ҳеч ким уларни вайроналар учун ўлишга мажбур қилмайди», деган у.

Фото: Видеодан кадр

Украина президенти Володимир Зеленский Украина қуролли кучлари Покровскни тарк этиши мумкинлигини айтиб, Донецк области ғарбидаги ушбу шаҳарда украин ҳарбийлари «жуда мураккаб вазиятда қолгани»ни тан олган.

«Ҳеч ким уларни вайроналар учун ҳалок бўлишга мажбур қилмайди», – деган у Bloomberg учун интервюда.

Зеленский Покровск мудофаасидаги ҳарбийларнинг ҳар қандай қарорини қўллаб-қувватлашини маълум қилган:

Мен у ердаги аскарларимизни, айниқса, командирларни вазиятни назорат қилиш учун олишларини таъминлашда қўллаб-қувватлайман. Акс ҳолда бу биз учун жуда қимматга тушади, биз учун энг муҳими – аскарларимиз ҳаёти.

Зеленскийнинг фикрича, Россия Трампни Украинада урушни тўхтатиш учун Донбассдан воз кечиши кераклигига кўндириш мақсадида Покровскни босиб олишга интилмоқда. «Биз Украина шарқидан кета олмаймиз. Буни ҳеч ким қабул қилмайди, одамларимиз буни қабул қилмайди, – дейди у. – Ва асосийси, ҳеч ким сизга улар у ёки бу шаҳарни босиб олгач, олдинга силжишда давом этмайди, деб кафолат бермайди. Тўхтатиб турувчи омил йўқ».

Покровскдаги вазият

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда россиялик ҳарбийлар қалин тумандан фойдаланган ҳолда Покровск ичкарисига кириб олгани акс этган видеолар кенг тарқалди.

Украинанинг 7-десант-штурм корпусида таъкидланишича, об-ҳаво шароити, хусусан, қалин туман Москвани ўз ҳаракатларини фаоллаштиришга ундаган. Россиялик ҳарбийлар кейинроқ украин бўлинмаларини қуршаб олиш учун вайрона ҳолатдаги шаҳарга имкон қадар кўпроқ қўшин киритмоқда.

Россия армияси бир йилдан ошиқ вақтдан буён Покровскни эгаллашга ҳаракат қилиб келади, Володимир Зеленский ҳам туман россияликларга қўл келгани ва вазиятни мураккаблаштирганини айтган.

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда вирусдек кенг тарқалган видеода россиялик ҳарбийлар тумандан фойдаланган ҳолда фуқаролик автомобиллари ҳамда мотоциклларда ҳеч қандай қаршиликка учрамасдан, шаҳарга кири келаётганини кўриш мумкин. Видеодаги машиналар ва мотоцикллар жуда эскирганидан келиб чиқиб, кўплаб шарҳловчилар буни келажакдаги жанглар ҳақидаги «Ақлсиз Макс» фантастик филмидаги кадрлар билан таққослади.

Видео шаҳарга жанубдан, Селидове-Покровск трассаси орқали кириб келишда олинган.

Сўнгги кунларда туман украинларга ҳаво орқали разведка ишларини амалга оширишга тўсқинлик қилди, дейди 68-бригаданинг «Шершни Довбуша» пилотсиз бўлинмасидан бўлган «Гус» лақабли ҳарбий.

Унинг сўзларига кўра, айнан шунинг учун Россия ҳарбийлари техникалар колоннаси орқали ҳужумга ўтишга «журъат этган» – ҳаво очиқ кунларда Украина дронлари уларни дарҳол йўқ қилган бўларди.

Украиналик ҳарбий BBC мухбири билан суҳбатда унинг бўлинмаси пиёда ва мотоциклда кириб келишга уринаётган кичик рус гуруҳларини мунтазам равишда аниқлаб, йўқ қилаётганини айтган.

Бу бўлинма якшанба куни тасвирга олингани айтилаётган вирусли видеода кўрсатилган ҳужумни қайтаришда ҳам иштирок этган.

«Гус»нинг таъкидлашича, колоннадагиларнинг бир қисми йўқ қилинган, аммо об-ҳаво шароити туфайли ҳужумни қайтариш пайтида видео кузатув бўлмаган, шунинг учун у бутун гуруҳга зарба берилганига ишончи комил эмас.

7-корпус баёнотида ҳозир Покровскда 300 нафар рус аскари борлиги айтилади, лекин Зеленский бир ҳафта олдинги баёнотида ҳам шундай рақамларни келтирганди. Кейинроқ пайдо бўлган видео шуни кўрсатадики, бу вақт ичида уларнинг сони кўпайган бўлиши мумкин.

Украинанинг DeepState мониторинг гуруҳи маълумотларига кўра, Россия қўшинлари Покровскнинг аксарият ҳудудларига кириб келган. Баъзи кузатувчилар шаҳар тез орада қулаши муқаррар эканини айтишмоқда.

Шаҳарнинг катта қисми ҳозирда ҳеч бир томон тўлиқ назорат қилмайдиган «кулранг ҳудуд» бўлиб турибди, дейди «Гус». «Биз бир бинода, душман эса қўшни бинода позицияни ушлаб турган бўлиши мумкин. Улар ортимизга ўтишга ҳаракат қилмоқда», дейди у.

Россияликлар Покровск ва қўшни Мирноградни ўраб олиб, «котёл» ҳосил қилишга уринмоқда.

Ҳали бу котёл «қопқоқ» билан ёпилмаган бўлса-да, рус ҳарбийлари FPV-дронлари ёрдамида шаҳарни бошқа ҳудудлар билан боғловчи барча йўлларни доимий равишда ўққа тутиши мумкин.

Украина қўшинлари қуршовга тушиб қолмаслик учун душманни «котёл»нинг шарқий томонидаги Суворов ва Родинскийдан улоқтириб ташлаб, Россия қанотлари ўртасида катта бўшлиқ яратди.

Россия кучлари Покровскда Украина қўшинларини таъминлайдиган логистика йўналишларини кесишга ҳаракат қилмоқда.

«Улар таъминот йўлларига нафақат масофадан – дронлар ва артиллерия билан ҳужум қилмоқда, балки у ерга қуруқликдаги аскарларни ҳам юбормоқда», – деди BBC’га украиналик дрон оператори.

Бу тактика инфилтрация деб аталади ва у етарлича муваффақиятли бўлиб чиқди, дейди украиналик ҳарбий таҳлилчи Константин Машовец.

Унинг сўзларига кўра, Россия кучлари биринчи навбатда Украинада Россиянинг кичик гуруҳлари ҳаракатини аниқлаш имконини қолдирмаслик учун FPV-дрон операторларини нишонга олмоқда.

Машовецнинг қўшимча қилишича, рус аскарлари баъзида маҳаллий аҳоли ёки украиналик ҳарбийлар кийимида шаҳар ичкарисига кириб келади. Уларнинг асосий мақсади – Украина ҳимоячилари ўртасида тартибсизлик келтириб чиқариш, шундан сўнг Россия армиясининг асосий кучлари ҳужумга ўтиши мумкин.

Россия ҳарбийлари фронтнинг бошқа участкаларида – шимоли-шарқда Купянскда ва жанубда Запорижжя областида ҳам ҳужум қилишга уринмоқда.

Бирлашган кучлар вакили Виктор Трегубов Москванинг ўз армияси Купянскни қуршаб олишга муваффақ бўлгани ҳақидаги баёнотини рад этди, бироқ шаҳар жанубида рус қўшинлари борлиги ва вазият мураккаблигича қолаётганини тан олди.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид