Европада университет ёки бошқа олий таълим муассасасини тамомлаганлар ҳар доим ҳам шундай маълумот талаб қилинадиган лавозимларда ишламайди. Инфографикада бундай ходимларнинг Европа Иттифоқи (ЕИ) ва унга қўшни мамлакатлардаги улуши кўрсатилган. Бунда ҳар бир мамлакатнинг ўзида туғилганлар ва бошқа давлатларда туғилганлар алоҳида ажратилган.

Инфографика муаллифлари Евростатнинг 20 ёшдан 64 ёшгача бўлган ходимларни қамраб олган танланма маълумотларидан фойдаланган. Гап, жумладан, маъмурий-идоравий лавозимларда ишлайдиганлар, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари, машина ва ускуна операторлари, шунингдек, бошқаларни парвариш қилиш билан шуғулланувчилар ҳақида бормоқда.

Рўйхатга киритилган мамлакатлар орасида маълумот даражаси бажараётган иши талабидан юқори бўлган ходимларнинг энг катта улуши Туркияда қайд этилган. У ерда олий маълумотли ходимларнинг жами 36 фоизи бундай таълим даражаси талаб қилинмайдиган соҳаларда ишлайди. Мамлакатнинг ўзида туғилганлар орасида бу кўрсаткич 36 фоизни, ЕИга кирмайдиган бошқа давлатларда туғилганлар орасида 38 фоизни, ЕИ мамлакатларида туғилганлар орасида эса 30 фоизни ташкил этади.

Европа Иттифоқи мамлакатлари орасида энг юқори кўрсаткич Испанияда қайд этилган — 34 фоиз. Испанияда туғилганлар орасида бу улуш 32 фоиз, ЕИдан ташқарида туғилганларда 46 фоиз, ЕИнинг бошқа мамлакатларида туғилганларда эса 38 фоизга тенг.

Рейтингда кейинги ўринни 31 фоиз билан Греция эгаллаган. Мамлакатнинг ўзида туғилган олий маълумотли ходимлар орасида ҳам бу кўрсаткич 31 фоизни ташкил этган. ЕИга кирмайдиган давлатларда туғилганлар орасида эса у 58 фоизга етган.

Эстония ва Италияда мамлакатнинг ўзида туғилганлар орасида малакаси иш талабидан юқори бўлганлар улуши нисбатан паст — мос равишда 18 ва 19 фоиз. Бироқ ЕИдан ташқарида туғилганлар учун бу кўрсаткич Эстонияда 50 фоизни, Италияда 52 фоизни ташкил этган.

Чехия ва Исландияда ҳам шунга ўхшаш ҳолат кузатилади. Ҳар икки мамлакатда шу ерда туғилган олий маълумотли ходимларнинг 12 фоизи малакасидан пастроқ даражадаги ишларда банд. ЕИга кирмайдиган давлатларда туғилганлар орасида бу кўрсаткич Чехияда 45 фоизга, Исландияда эса 43 фоизга етади.

Рейтингга кўра, ЕИдан ташқарида туғилган олий маълумотли ходимларнинг ўз таълим даражаси талаб қилинмайдиган ишларда банд бўлиши Нидерландия, Шимолий Македония, Сербия, Люксембург ва Хорватияда энг кам учрайди. Бу мамлакатларда ушбу кўрсаткич 25 фоиздан паст.