Тошкент шаҳри Учтепа туманида жойлашган Туркий давлатлар халқаро университетида талабалар “Хавфсиз талаба” иловасини ўрнатмагани учун туман ИИБ бошлиғи ўринбосари томонидан “15 сутка” билан қўрқитилгани айтилмоқда.

Kun.uz'га мурожаат қилган талабаларнинг айтишича, бир ҳафтадан бери ОТМга киришда улардан телефонларига “Хавфсиз талаба” иловасини ўрнатиш талаб қилиняпти. 3 ноябр куни Учтепа тумани ИИБ бошлиғи ўринбосари Абдурашид Очилов бошчилигидаги гуруҳ дарс вақтида аудиторияларга бостириб кириб, талабаларнинг телефонларини текширган. Илова ўрнатилмаган талабалардан уни юклаб олиш талаб қилинган.

ИИБ бошлиғи ўринбосари Абдурашид Очилов унга савол берган талабанинг қўлини қайириб, телефонини қўлидан олишга урингани айтиляпти. Мурожаатчига кўра, талаба иловани ўрнатишдан бош тортмаган, фақат телефони iPhone экани сабаб унга APK форматдаги иловани ўрната олмаслигини билдирган. Унинг саволи илова орқали шахсий маълумотлар тарқалиб кетмаслиги ҳақида бўлгани, лекин бу савол ИИБ масъулининг жаҳлини чиқаргани ва 15 суткага қаматиш билан қўрқитгани иддао қилинмоқда.

Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати ҳолат юзасидан Kun.uz сўровини жавобсиз қолдирди.

Бошқа ОТМда декан ишдан олинган

3 ноябр куни Daryo.uz нашри Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Таржимонлик факултети декани Улуғбек Йўлдошев “Хавфсиз талаба” иловаси билан боғлиқ можаро ортидан лавозимидан озод этилганини хабар қилди.

ЎзДЖТУ талабаларига кўра, 3 ноябр куни университетга киришда улардан иловани ўрнатиш талаб қилинган. Иловани ўрнатмаган айрим талабалар дарсларга киритилмаган, натижада машғулотларга кеч қолганларга давомат бўйича “нб” қўйилган.

Шунингдек, айрим талабалар дарс давомида декан, декан ўринбосари ва тюторлар аудиторияга кириб, иловани ўрнатмаганлардан уни юклаб олишни талаб қилгани, рад этганларга эса танбеҳ берилганини билдирган.

Журналист Муҳрим Аъзамхўжаев ўз Telegram-каналида Улуғбек Йўлдошевнинг ишдан олингани адолатсизлик бўлгани ҳақида факултет жамоаси ва талабаларнинг мурожаатларини эълон қилди.

Тармоқда тарқалган скриншотда Тошкент шаҳридаги ОТМлар кесимида талабаларнинг қанчасига “Хавфсиз талаба” иловасини ўрнаттирилгани ҳақидаги маълумот акс этган: