Полиция маълумотларига кўра, Мексика пойтахти Мехико шаҳрида ҳукуматга қарши намойишлар чоғидаги тўқнашувлар чоғида камида 120 киши жароҳатланган, улардан 100 нафари полиция ходимларидир.
Шанба куни минглаб намойишчилар зўравонлик жиноятлари ҳамда президент Клаудия Шейнбаумнинг сиёсатига қарши норозилик билдириб, Мексика пойтахти бўйлаб юриш қилди.
Давлат раҳбари мамлакатнинг бошқа шаҳарларида ҳам бўлиб ўтган маршлар унинг ҳукуматига қарши бўлган ўнг сиёсатчилар томонидан молиялаштирилганини айтди.
Пойтахтдаги митинг «Z авлод» деб ном олган ёшлар томонидан уюштирилган ҳамда бошқа норози фуқаролар, жумладан, яқинда картелларга қарши қатъий чоралар кўришга чақирган Уруапан шаҳри мэри Карлос Мансонинг ўлдирилишига қарши норозилик билдирган фуқаролар томонидан қўллаб-қувватланган.
Намойишчилар Шейнбаум яшайдиган Миллий саройни ҳимоя қилувчи тўсиқнинг бир қисмини бузиб ташлаган. Комплексни қўриқлаётган полиция йиғилганларга қарши кўздан ёш оқизувчи газ қўллаган.
Расмийлар талончилик ва ҳужум каби ҳуқуқбузарликлар учун 20 кишини ҳибсга олди, деди журналистларга Мехико хавфсизлик хизмати раҳбари Пабло Васкес.
Намойишчилар «Биз барчамиз Карлос Мансомиз» деб ёзилган плакатларни кўтаришган, бошқалар эса унга ҳурмат белгиси сифатида ковбой шляпаларини кийиб олишган.




Мансо 1 ноябр куни Ўликлар куни фестивалига борганида отиб ўлдирилган.








