Ҳар йили АҚШга жуда катта миқдорда гиёҳванд моддалар кириб боради, чунки талаб юқори. Наркотик асосан Колумбия ва яна баъзи Жанубий Америка давлатида тайёрланиб, турли йўллар билан Кариб ҳавзаси ва Марказий Америка давлатлари орқали АҚШга олиб кирилади. Бу логистика занжирининг энг муҳим бўғини – Мексика картеллари. «Қаҳрамонимиз» Хоакин Гусман ана шундай наркокартеллардан бири «Синалоа»га асос солади.
Гиёҳванд моддалар орасида улғайган бола
Хоакин Гусман 1957 йилда Мексиканинг Синалоа штатида қашшоқ бир қишлоқ оиласида туғилади. Оила апелсин сотиб кун кўрар, бўлажак картел раҳбари катталарга ёрдамчи эди. Хоакиннинг отаси маҳаллий наркокартел аъзоси бўлиб, гиёҳванд моддалар етиштириш ва сотиш билан ҳам шуғулланарди. Кўп ўтмай ота Хоакинни «ота касбини давом эттирсин деб» опий ва каннабис етиштиришга жалб қилади. Шу-шу бола ёшлигидан гиёҳванд моддалар ичида катта бўлади.
1980 йилларда Хоакин Мексика наркобаронларининг «чўқинтирган отаси» Мигел Галярдонинг «Гвадалахара» картелига қўшилади. Аввалига оддий югурдак бўлади, кейинроқ ишончга киргач, Колумбияда тайёрланган наркотикни Мексика орқали АҚШга ташишдек «масъулиятли ишга» бош бўлади.
Наркокартел раҳбари
1989 йилда «Гвадалахара» картели раҳбари Мигел Галярдо ҳибсга олиниб, тўда бир нечта мустақил гуруҳга бўлиниб кетади. Вазиятдан фойдаланган Хоакин шериклари ва қўл остидаги йигитлар билан «Синалоа» картелига асос солади. Тўдабоши Хоакин Гусман «Эл-Чапо», яъни пакана лақабини олади. Чунки унинг бўйи 168 см эди.
1990 йилларда «Синалоа» картели фаолиятини кенгайтиради. «Эл-Чапо» топқирлиги эвазига гиёҳванд моддалар тарқатиш индустриясига бир қатор янгиликлар олиб киради. Мексика ва АҚШ чегараси остида электрлаштирилган, вентиляция тизимига эга ва релсли махфий ерости йўлаклари қуради. Колумбияда тайёрланган кокаин, героин, метаамфетамин ва марихуанани чегарадан ўтказиш учун сувости кема, самолёт, поезд ҳамда юк машиналаридан фойдаланади.
2000 йилларга келиб «Синалоа» Мексикадаги энг йирик наркокартелга айланиб, бир томондан ҳукумат кучлари, полиция ҳамда ҳарбийларга, бошқа томондан рақобатчи картелларга қарши шавқатсиз уруш олиб боради. Тўда дунёнинг 50 дан ортиқ мамлакатига гиёҳванд моддалар етказиб берувчи йирик жиноий империяга айланади. Хоакин Гусманнинг пуллари миллиард доллардан ошади. Ҳатто Forbes уни дунё миллиардерлари рўйхатига қўшади. Журнал 2009 йилда уни дунёнинг энг бой одамлари рўйхатида 41-ўринга, 2010 йилда 55 ва 2011 йилда 60-ўринга қўяди. Ўша пайтларда у Карлос Слимдан сўнг Мексиканинг энг бой одами ҳисобланган.
Ҳибслар ва қамоқдан қочишлар









