Ой ва Қуёш нафақат океанларда сувнинг даврий кўтарилишини, балки Ерда гравитацион потенциалнинг ниҳоятда кичик тебранишларини ҳам келтириб чиқаради. Шу сабабли сайёранинг турли нуқталарида вақт бироз фарқли тезликда ўтади. Физиклар оптик толали линиялар орқали бирлаштирилган оптик соатлар тармоғи ёрдамида бу даврий ўзгаришларни илк бор қайд этди.

Ой ва Қуёшнинг тортиш кучи туфайли вақтнинг ўтишида юз берадиган ўзгаришларни қайд этиш учун халқаро физиклар гуруҳи ўта аниқ оптик соатларни ягона ўлчов тармоғига бирлаштирди. Гуруҳ таркибига Европанинг етакчи илмий марказлари — Федерал физика-техника институти (Германия), Миллий физика лабораторияси (Буюк Британия), Лазер физикаси лабораторияси (Франция) ва Миллий метрологик тадқиқотлар институти (Италия) олимлари кирди.

Қурилмалар тахминан 800 километр узунликдаги махсус оптик толали алоқа линиялари орқали ўзаро боғланди. Тажрибалар давомида олимлар стронций ва иттербий атомлари асосида ишловчи стационар лаборатория оптик соатларидан ҳам, инновацион кўчма оптик соатлардан ҳам фойдаланди.

Оптик соатлар билан ўтказилган аввалги тажрибалар асосан турли нуқталар ўртасидаги гравитациянинг статик, яъни вақт давомида ўзгармайдиган фарқларини ўлчашга қаратилган эди. Энди эса олимлар бу кўрсаткичларнинг даврий равишда қандай ўзгаришини илк бор қайд этишга муваффақ бўлди. Тажрибанинг батафсил тавсифи arXiv платформасида эълон қилинди.

Ой ва Қуёшнинг тортиш кучи гравитацион потенциалда объектлар баландлигининг 10 сантиметрга ўзгаришига тенг келадиган тебранишларни юзага келтиради. Бу кўрсаткич бир-биридан тахминан 800 километр масофада жойлашган икки станцияга тегишли. Европадаги янги оптик соатлар тармоғи бундай тебранишларни бир суткадан кам давом этадиган ўлчовлар орқали аниқлаш имконини беради. Олинган натижалар назарий ҳисоб-китобларга яхши мос келади.

Оптик соатларнинг ниҳоятда юқори аниқлиги вақтни ўлчашга янги талаблар қўймоқда. Бир-биридан узоқда жойлашган асбобларнинг кўрсаткичларини таққослашда олимлар энди Ой ва Қуёш таъсирида гравитацион потенциалнинг даврий ўзгариши соатларнинг бир-бирига нисбатан юриш тезлигига қандай таъсир қилишини ҳисобга олиши зарур. Тегишли тузатишлар киритилмаса, бу таъсирлар ўта аниқ тажрибалар ўтказиш, фундаментал физик назарияларни текшириш ҳамда ягона вақт шкалаларини шакллантириш натижаларини бузиши мумкин.

Бундан ташқари, бирлаштирилган оптик соатлар тармоғи Ерни ўрганиш учун кучли воситага айланади. Бундай сезгир тизимлар сайёра бўйлаб сув ва муз массаларининг қандай қайта тақсимланаётганини, ерости сувлари сатҳи қандай ўзгараётганини, тектоник силжишлар қандай содир бўлаётганини ва вулқонлар қандай фаоллашаётганини реал вақт режимида кузатиш имконини беради.