Тошкентда ўтган МО ва Озарбойжон етакчиларининг маслаҳат учрашуви, ахборотга тўла даврда яшаётган одам учун одатдаги расмий тадбирлардек кўринса-да, аслида минтақамиз тақдирида кечаётган яна бир катта ўзгаришни расмийлаштирди. Аввало Озарбойжон бу клубнинг доимий аъзосига айланган бўлса, минтақа марказидаги Ўзбекистон Марказий Осиё ҳамжамиятини таъсис этиш таклифи билан чиқди.

15-16 ноябр кунлари Тошкентда Марказий Осиё давлат раҳбарларининг маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди. Бу – еттинчи учрашув эди.

Одамлар катта ахборот оқимлари ичида қолар экан, аслида нима бўлаётганини чуқур англаши қийин бўлиши мумкин. Чунки барча ОАВ бир хил ёки ўхшаш нарсалар ҳақида гапирар экан, одамлар онгида бир хиллик пайдо бўлади, бўлаётган воқеалар катта оқимдек кўринади.

Аслида эса, Марказий Осиё тақдирида, тарихида ўта жиддий ижобий ҳодисалар бўлиб ўтмоқда. Фақат бу воқеалар дипломатик қоидалар ва сиёсий оҳисталик замирида бўлаётгани учун, ўтмишдаги контрастни ва ташқи дунёдаги вазиятларни тўлиқ англаш учун бироз синчков нигоҳ зарур бўлади.

Бир эслайлик, 2016 йилга қадар, айниқса 90-йилларнинг иккинчи ярми, 2000-йилларда минтақамиз давлатлари учга бўлиниб қолган эди. Кимдир Россияга юзланган, унинг асосий ҳарбий-стратегик ва иқтисодий лойиҳаларидан нажот излаган; яна кимдир Ғарбга юзланиб, минтақадаги қолган давлатларга зимдан қарши турган; Туркманистон эса нейтраллик байроғи остида минтақа ишларидан ўзини четга олган давр бўлди.

Бу даврда минтақа давлатларининг фикри, сиёсий ва геосиёсий қарашлари бир жойдан чиқиши уёқда турсин, ўзаро яширинча ва ошкора тирашув – кундалик ҳолат эди.

Ўзбекистоннинг деярли барча қўшнилар билан муносабати ўта совуқ эди. Баъзи давлатлар билан чегаралар миналаштирилган, қолган давлатларга ҳам чиқиб келиш катта азоб-уқубатларга гирифтор қилувчи муаммо эди. Кейинги 8-9 йил эса МО мустақиллиги тарихида ҳозирча энг узоқ муддатли хотиржамлик, ўзаро ишонч ва ҳамкорлик, кооперация ва геосиёсий жипслик даври бўлиб келмоқда. Бу – яқин тарихимизда кузатилмаган ҳолат, катта ютуқ.

МО давлат раҳбарлари маслаҳатлашув учрашувларининг ушбу Тошкент саммитида катта тарихий бурилиш юз берди. Президент Мирзиёев Озарбойжоннинг ушбу маслаҳатлашув учрашувларига тўлақонли иштирокчи давлат бўлиб кирганини эълон қилди. Бу билан Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ минтақалари яна бир кўп тарафлама уюшма, халқаро клуб доирасида бирлашди. Лекин, кўп тарафлама бошқа форматлардан фарқли ўлароқ, Озарбойжон ва МО давлатлари ўртасида самимийлик, тенглик ва ўзаро ишонч мутлақ юқори экани инобатга олинса, бу ҳамкорликдан барча давлатлар ўта манфаатдор экани кўриниб туради.