Ўзбекистон | 09:26 / 02.12.2025
1330
2 дақиқада ўқилади

Адлия вазирлиги олий таълимни баҳолашнинг янги индикаторларини тасдиқлади

Адлия вазирлиги “Олий таълим ташкилотларининг таълим дастурларини махсус давлат аккредитациясидан ўтказишда баҳолаш мезонлари бўйича индикаторларни тасдиқлаш ҳақида”ги буйруқни давлат рўйхатидан ўтказди. Энди олий таълим дастурлари 6 йўналиш ва 31 мезон доирасидаги 190 та индикатор асосида баҳоланади.

Фото: Адлия вазирлиги

Адлия вазирлиги томонидан “Олий таълим ташкилотларининг таълим дастурларини махсус давлат аккредитациясидан ўтказишда баҳолаш мезонлари бўйича индикаторларни тасдиқлаш ҳақида”ги буйруқ давлат рўйхатидан ўтказилди (рўйхат рақами: 3716, 2025 йил 1 декабр).

Унга кўра, олий таълим ташкилотларидаги таълим дастурларини махсус давлат аккредитациясидан ўтказиш жараёнида 6 та йўналиш доирасидаги 31 та мезон бўйича 190 та индикатор қўлланилади.

Шулардан:

  • 8 та (4,2 фоиз) мажбурий индикатор – масъул таркибий тузилмани ташкил этишнинг аниқ режаси мавжудлиги, талабалар сонига мос ўқув хоналари билан таъминланганлик ва бошқа муҳим талаблар;
  • 182 та (95,8 фоиз) умумий индикатор – фан мазмунига мос хорижий адабиётлардан фойдаланиш, талабалар ўртасида сўровномалар ўтказиш, қабул параметрларини белгилашда ахборот-ресурс маркази имкониятларини инобатга олиш каби кўрсаткичларни ўз ичига олади.

Барча индикаторлар «мувофиқ» ёки «мувофиқ эмас» тарзида баҳоланади. Бунда:

  • индикаторларнинг 50 фоизгача «мувофиқ» бўлса – мезон «мувофиқ эмас»;
  • 50 фоиздан 70 фоизгача «мувофиқ» бўлса – мезон «қисман мувофиқ»;
  • 70 фоиз ва ундан ортиқ «мувофиқ» бўлса – мезон «мувофиқ» деб топилади.

Шу билан бирга, агар мажбурий индикаторлардан бирортаси “мувофиқ эмас” деб баҳоланса, умумий натижалардан қатъи назар, тегишли мезон «мувофиқ эмас» деб эътироф этилиши белгиланган. Бу эса олий таълим сифатига қўйилаётган талаблар янада қатъийлаштирилаётганини англатади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид