Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ОАВ Андрей Ермак ишдан бўшатилиши тафсилотларини ҳикоя қилди
«Украинская правда» нашри ёзишича, у кетишни истамаган ва гўёки Зеленскийнинг олдида «ярим соат давомида жазавага тушган».
Фото: Julia Kochetova / Bloomberg / Getty Images
28 ноябр куни Украина президенти Володимир Зеленский мамлакатда ўзидан кейинги энг нуфузли шахс, президент идораси раҳбари Андрей Ермакни истеъфога чиқарди. Ермак коррупцияга қарши курашувчи органлар «Энергоатом» давлат компаниясидаги ўғирликлар иши бўйича тинтув ўтказиши ортидан лавозимини йўқотди. Бу Украина жамияти бир неча ҳафтадан бери муҳокама қилаётган коррупция бўйича шов-шувли суриштирувдир. Бу ишда эртами-кечми Ермакнинг фамилияси ҳам пайдо бўлиши ҳақида миш-мишлар тарқалган ва Зеленскийга уни ишдан бўшатишни маслаҳат қилишганди. Шунга қарамай, Зеленский Ермакни ҳимоя қилишга ҳаракат қилди – хусусан, унга АҚШ билан тинчлик режаси бўйича музокаралар олиб боришни топширди. Терговчилар Ермакнинг уйига тинтув ўтказиш учун келишганидан кейин эса уни ҳимоя қилишнинг ортиқ имкони қолмаганди (гарчи унга ҳозирча айблов қўйилмаган бўлса-да). «Украинская правда» манбалари президент офиси раҳбари ишдан бўшатилиши қандай кечганини айтиб беришди.
«Биринчи уни ишдан олишига охиригача ишонмаган»
28 ноябр куни, соат эрталабки олти атрофида, Киевдаги ҳукумат кварталига Коррупцияга қарши курашиш миллий бюроси (НАБУ) ва Коррупцияга қарши ихтисослаштирилган прокуратура (САП) ходимлари бўлган учта машина келган. Улар Украина президенти офиси раҳбари Андрей Ермакникида тинтув ўтказиши керак эди. Кварталга кириш қисмидаги блокпостда турган қўриқчилар аввалига уларни хизмат гувоҳномаси ва тинтув ҳақидаги қарорни кўрсатишганига қарамай, ичкарига қўймаган – аммо кейин йўлни очишга мажбур бўлишган. Ермакнинг квартираси саккиз соатга яқин вақт давомида тинтув қилинган, у ердаги бир неча телефон ва ноутбуклар мусодара қилинган.
Тинтув ҳақидаги қарорда 21 ноябр санаси кўрсатилган. Яъни суд тинтув ўтказилишидан бир ҳафта олдин бунга санкция берганди. Бу эса «Володимир Зеленскийда «нафақат ўзининг энг яқин ёрдамчисига эҳтимолий саволлар ҳақида маълумотлар, балки тергов ҳаракатлари бошланишидан олдин [уни ишдан бўшатиш] учун камида бир ҳафта бўлгани»ни тасдиқлаши мумкин, деб ёзади «Украинская правда».
Нашр маълумотига кўра, Зеленский охирги лаҳзагача иккиланишда давом этган. Ўша куни соат тўққизлар атрофида, ҳали Ермакникида тинтув давом этаётганида, президент офисига бош вазирнинг биринчи ўринбосари Михаил Федоров, Украина хавфсизлик хизмати раҳбари Василий Малюк, шунингдек Коррупцияга қарши курашиш миллий бюроси ҳамда Коррупцияга қарши ихтисослаштирилган прокуратура раҳбарлар Семён Кривонос ва Олександр Клименко келишган. «Зеленский меҳмонларни бир вақтнинг ўзида икки жабҳада, ташқи ва ички фронтлардаги жанглар алоҳида сиёсий арбобларга эмас, балки мамлакат бошқарувига таҳдид солаётганини тўсатдан англаб етган одам кайфиятида кутиб олган», – дея ёзади «Украинская правда».
Зеленский гўёки коррупцияга қарши курашиш органларининг президент офиси раҳбарига бўлган қизиқиши ғарбда «хаос сигнали» сифатида қабул қилинмайдиган ва Украинадаги тинчлик музокараларига путур етказмайдиган ечим топишни хоҳлаган. Федоров Ермакни ишдан бўшатиш керак деб ҳисоблаган. «Украинская правда» Малюкнинг позициясини келтирмаган, аммо сўнгги пайтларда Ермак гўёки «Энергоатом» иши бўйича суриштирувларнинг олдини олмагани ва уни «ҳимоя қилмагани» учун Украина хавфсизлик хизмати бошлиғини ишдан бўшатмоқчи бўлгани қайд этилган.
Зеленский ҳузуридаги мажлис бир соат давом этган. Шундан кейин Украина президенти вазият ҳақида ўйлаб кўриш учун танаффус қилган. Бир неча соат ўтиб у Ермакнинг истеъфоси бўйича ариза тайёрлашга топшириқ берган.
«Украинская правда»нинг ёзишича, Ермакдан ишдан бўшаш тўғрисида ариза ёзиш сўралганида, у президент олдида «ярим соат давомида ҳақоратлар, таъналар ва айбловлар билан жазавага тушган».
«Ермак охирги дақиқагача Биринчи [Зеленский] уни ишдан олишига ишонмасди. Яна шундай тарзда – факт қаршисига қўйган ҳолда. Айтишларича, у президент ҳам ундан воз кечганига чидай олмаган», – деган Ермакка яқин бўлган манба.
«Истеъфо муқаррар реалликка айланганди. У барчани ўзига қарши қилиб қўйганди»
«Украинская правда» нашри Ермак узоқ вақт давомида ҳокимиятдаги асосий лавозимларга «ўз одамлари»ни қўйишга ҳаракат қилгани – бу, шубҳасиз, ўз сиёсий таъсирини мустаҳкамлаш ёки кенгайтиришга уриниш бўлганини таъкидлаган. Аммо ҳал қилувчи паллада унинг ўз одамлари уни ҳимоя қилмади. Хусусан, президент офиси раҳбари ўринбосари Олег Татаров Ермакни ишдан бўшатишни ёқлаб чиққан – у куч ишлатар тузилмаларни назорат қилади. У коррупция можароларига аралашиб қолганига қарамай, беш йил давомида Ермакнинг ўринбосари лавозимини сақлаб қолаётганди.
Олий Рада спикери Руслан Стефанчук ва мудофаа вазири Денис Шмигал ҳам ҳам Ермакни ишдан бўшатиш таклифини берган. Оқ уй вакиллари ҳам бир неча ойдан буён матбуотдаги кескин аноним шарҳлар орқали уни алмаштириш зарурлигига шама қилиб келаётганди.
«[Зеленский охир-оқибат] бундан [Ермакнинг истеъфосидан] қочиб қутулиб бўлмаслигини тушуниб етди. Ва буни ҳамма қўллаб-қувватлаётганди – халқ депутатлари, хавфсизлик кучлари ва жамоатчиликдан тортиб асосий халқаро ҳамкорларгача. Бу мамлакатдаги кўплаб асосий институтлар ва муҳим жараёнларни перезагрузка қилиш учун давлат томонидан зарур бўлган қарорга айланди», – дейди «Украинская правда» суҳбатдошларидан бири.
Нашр маълумотларига кўра, «давлат бошқарувидаги юқори бўғинлар»нинг айрим вакиллари ҳатто махфий чат ташкил этиб, у ерда Ермакни лавозимдан олишга уринишларни мувофиқлаштиришган. «[Унинг] истеъфоси аллақачон муқаррар реаллик бўлиб улгурди. У шунчаки барчани ўзига қарши бирлаштириб қўйди», – деган чатда бўлганлардан бири.
Ермак ишдан бўшатилганидан кейин чатда шундай хабар пайдо бўлади: «Ҳеч нарса шанба куни президент кабинетида олинган фотосуратларда унинг ўнг томонидаги стул бўш турганичалик қувончли эмас». «Украинская правда» манбаси бу чат тарихида энг кўп лайк олган хабар бўлганини айтиб ҳазиллашган.
«Зеленскийга муаммо туғдирмоқчи эмасман: мен фронтга кетаман»
Тинтувдан кейин Ермакка ҳеч қандай айблов эълон қилинмади. Аммо бу фақат вақт масаласи, дея ишонч билан гапиради «Украинская правда» манбалари.
Ермакнинг ўзи фронтга йўл олишини айтган: «Мен ҳалол ва виждонли одамман. 2022 йил 24 февралдан бери Киевда қолганимга қарамай, мени шарманда қилишди ва қадр-қимматимни ҳимоя қилишмади. Шунинг учун мен Зеленскийга муаммо туғдирмоқчи эмасман: мен фронтга кетаман. Шаънимга ёғдирилган ифлослик мени ғазаблантиради, ҳақиқатни биладиганлар томонидан қўллаб-қувватлов йўқлиги эса янада кўпроқ ғазаблантиради», – деган у The New York Post мухбирига.
Гарчи бу сўзларида Зеленскийдан ранжигани сезилиб турган бўлса-да, Financial Times билан суҳбатда Ермак ундан хафа эмаслигини айтди: «У бу ишга қадар менинг дўстим эди ва мен уни бундан кейин ҳам ёдда тутаман».
Агар Ермакка нисбатан жиноий иш очиладиган бўлса, армиядаги хизмат уни бундан ҳимоя қилолмайди. Шу туфайли фронтга кетиш ваъдасига шунчаки вазиятни тузатишга уриниш сифатида қараш мумкин. Ермак айнан қаерда хизма қилмоқчи экани, ҳозирча номаълум. Журналист ва сиёсатчи Татяна Черновол уни дрон операторлари взводига қабул қилишга тайёр эканини айтган: «Ўтмиши йўқ оддий жангчи бўлади».
Зеленский энди ўз офисига янги раҳбар тайинлаши керак бўлади. «Ермак билан хайрлашиш шунчаки президент офисидаги косметик таъмирлашми ёки ҳокимият тизимини капитал қайта қуришга тайёргарликми, бу қайси номзод танланишига қараб аниқ бўлади», – дея ёзади «Украинская правда».
Манба маълумотига кўра, эҳтимолий номзодлар орасида бош вазирнинг биринчи ўринбосари ва рақамли трансформация вазири Михаил Федоров, мудофаа вазири Денис Шмигал, президент офиси раҳбарининг ҳарбий масалалар бўйича ўринбосари Павел Палиса ҳамда ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Сергей Кислица каби номлар бор.
Украинанинг АҚШ билан музокаралар учун делегациясига Ермак ўрнига Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши раҳбари Рустем Умеров раҳбарлик қилди – унинг фамилияси ҳам «Энергоатом»даги коррупция иши бўйича материалларда тилга олинганди. Умеров бу ишда гувоҳ сифатида кўрсатма берган.
Мавзуга оид
09:21
ОАВ: Лондон Украинага РФнинг 9 млрд евролик активларини топширишга тайёр
23:21 / 04.12.2025
Украина аҳолиси 42 миллиондан 36 миллионгача камайди – ОАВ
23:00 / 04.12.2025
Америка делегацияси Зеленский билан учрашувни бекор қилган — ОАВ
21:45 / 04.12.2025