Иқтисодиёт | 18:43 / 23.12.2025
1928
2 дақиқада ўқилади

Тадбиркорларга ишлаб чиқариш қувватини оширишга нималар тўсқинлик қиляпти?

Марказий банк таҳлилларига кўра, энергия таъминотидаги узилишлар, айланма маблағлари камлиги, автомобиллар учун ёнилғи нархлари қимматлашиши бизнеснинг тўлиқ қувватда ишлаши учун асосий тўсиқ бўлиб қоляпти. Шунингдек, солиқ тизимидаги мураккабликлар ва ижара харажатлари юқорилиги ҳам муаммоли жиҳатлар сифатида қайд этилган.

2025 йилнинг учинчи чораги якунлари бўйича республикада тадбиркорлик муҳитини ўрганиш натижаларига кўра, сўровномада иштирок этган тадбиркорларнинг 62 фоизи бизнес учун шарт-шароитлар иккинчи чоракка нисбатан яхшиланганини қайд этган. Ушбу кўрсаткич сўнгги икки йил давомида ўртача 50 фоиздан юқори даражада сақланиб келмоқда, дейилади Марказий банк шарҳида.

Респондентлар бизнес муҳитидаги ижобий ўзгаришларни, аввало, банк хизматлари сифати, рақобат муҳити ва йўл инфратузилмаси яхшилангани, лицензия олиш жараёнлари соддалашгани ҳамда маъмурий аралашувлар камайгани билан изоҳлаган. Шу билан бирга, монополлашув даражаси, солиқ маъмурчилиги, энергия таъминоти ва божхона тарифлари бўйича ҳолат ўтган чорак даражасида сақланиб қолган.

Ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражаси Сирдарё, Бухоро, Наманган вилоятлари ва Тошкент шаҳрида сезиларли ошган бўлса, Андижон, Жиззах, Сурхондарё, Фарғона ва Хоразм вилоятларида пасайган. Тадбиркорлар томонидан энергия таъминотидаги узилишлар, айланма маблағлари камлиги, автомобиллар учун ёнилғи нархлари қимматлашиши, солиқ тизимидаги мураккабликлар ва ижара харажатлари юқорилиги тўлиқ қувватда фаолият юритмасликнинг асосий сабаблари сифатида қайд этилган.

Тадбиркорлар орасида сўнгги уч ой давомида қарз мажбуриятлари камайганлигини билдирганлар улуши кўпайиб, 18 фоизни ташкил этган. Шу билан бирга, қўшимча кредитларга бўлган талаб борасидаги кутилмаларда ҳам бироз пасаювчи тенденциялар сақланиб қолган.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид