Жамият | 12:46
456
2 дақиқада ўқилади

ИИВ: янги йил “совғалари” орқали Telegram’да фишинг ва зарарли ҳаволалар кўпаймоқда

ИИВ Киберхавфсизлик маркази фирибгарлар янги йил табриклари ва совғаси кўринишидаги хавфли ҳавола ҳамда файллар орқали фуқароларнинг шахсий маълумотлари ва пластик карта маблағларини қўлга киритишга уринаётгани ҳақида огоҳлантирди. Қайд этилишича, ҳозирда уларнинг асосий “қуроли” техник усуллардан кўра ижтимоий муҳандислик — инсон ҳис-туйғулари билан манипуляция қилиш ҳисобланади.

Фото: ИИВ

Мутахассислар таъкидлашича, бугун хавф фақат .apk, .exe каби файллар билан чекланмайди. Мессенжер ёки ижтимоий тармоқлар орқали интерактив табрикка ўхшатилган фишинг сайтга олиб борадиган ҳаволалар, гўё “юкланмаяпти” деган баҳона билан янгилашни таклиф қиладиган GIF-файллар, шунингдек “етказиб бериш хизмати” номидан юборилиб, “янги йил совғаси”ни олиш учун “юк хати” иловасини юклаб олишни сўрайдиган хабарлар кенг тарқалмоқда.

ИИВ Киберхавфсизлик маркази фирибгарлар қурбонига айланмаслик учун қуйидаги оддий қоидаларга амал қилишни тавсия қилади:

Манбага эътибор беринг: танимаган шахсдан келган ҳавола ёки файлни очманг. Агар бундай хабарни танишингиз юборган бўлса ҳам, аввал унга алоҳида ёзиб аниқлаб олинг.

Файл форматига қаранг: .exe, .scr, .bat, .msi форматлари, шунингдек .zip ва .rar архивлар хавфли бўлиши мумкин. Медиа учун нисбатан хавфсиз форматлар сифатида .jpg, .png, .gif, .mp4, .webm келтирилади.

Ҳаволани текширинг: қисқа, тушунарсиз ёки шубҳали доменли ҳаволаларни босманг — “етти марта текшир” қоидасига амал қилинг.

Шунингдек, марказ интернетда арзон нархда янги йил арчаси, ўйинчоқлар, озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа товарлар сотилиши ҳақидаги эълонлар орқали ҳам фирибгарлик ҳолатлари кўпаяётганини қайд этди. Бундай ҳолатларда сотувчилар товар учун пулни олдиндан тўлашни талаб қилади, маблағ ўтказилгандан сўнг эса аккаунтни ўчириб, харидорни блоклаб ғойиб бўлади.

Мутахассислар интернет орқали харидларда олдиндан тўлов қилмаслик, фақат ишончли манбалар ва хавфсиз тўлов усулларидан фойдаланишни тавсия этмоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид