Жаҳон | 13:45
629
3 дақиқада ўқилади

Зеленский ва Мерц Мар-а-Лаго музокаралари якунларини муҳокама қилди

Украина президенти Володимир Зеленский Германия канцлери Фридрих Мерц билан телефон орқали суҳбатлашди. Сиёсатчилар Мар-а-Лаго қароргоҳида Доналд Трамп билан ўтказилган музокаралар якунлари, шунингдек Россия ҳокимиятининг Владимир Путин резиденциясига “ҳужум” ҳақидаги хабарларини муҳокама қилди.

Фото: John MacDougall/AP

Украина президенти Володимир Зеленский Германия канцлери Фридрих Мерц билан телефонда гаплашиб, АҚШ раҳбари Доналд Трампнинг Мар-а-Лаго қароргоҳида (Флорида штати) бўлиб ўтган музокаралар натижаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда душанба куни, 29 декабрда Украина раҳбари сайтида хабар қилинди.

Нашрда қайд этилишича, Зеленский Мерцга “(музокаралар давомида — таҳр.) қандай асосий урғулар қўйилгани ва қайси масалалар муҳим бўлгани” ҳақида айтган. Украина президенти, шунингдек, канцлерга маслаҳатлари ва доимий мувофиқлаштириб боргани учун миннатдорчилик билдирган.

Зеленский матбуот хизмати маълум қилишича, у Мерц билан бирга “Украинанинг Россия раҳбари резиденциясига берилган зарбаларга гўёки алоқадорлиги ҳақидаги фейк”ни ҳам муҳокама қилган. “Володимир Зеленскийнинг айтишича, Украина тинчлик бўлиши учун қўлидан келган барча ишни қиляпти, Россия эса уришиш ҳақида ‘креативликни’ тўхтатиб, хавфсизликни қандай тиклаш ҳақида ўйлаши керак. Украина барча таклифларни тақдим этган”, — дейилади хабарда.

Украина президентининг Мерц билан суҳбатидан бир неча соат олдин Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Рустем Умеров X тармоғида Зеленский билан АҚШ президентининг махсус вакили Стивен Уиткофф ўртасида телефон суҳбати бўлганини ёзган.

“Асосий нуқта — кейинги алоқалар ва навбатдаги қадамларни мувофиқлаштириш. Иш жуда шиддатли ва мазмунли: биз деярли ҳар куни маслаҳатлашувларни давом эттиряпмиз ва ҳужжатлар банди устида ишлаяпмиз”, — деб ёзди у. Умеров, шунингдек, “Европадаги миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчилар билан доимий алоқа” ва “яқин келажакда навбатдаги учрашувлар” бўйича келишувлар борлигини қайд этган.

Оқ уй 29 декабр куни Россия ва АҚШ президентлари Владимир Путин ҳамда Доналд Трамп ўртасида ҳам телефон суҳбати бўлиб ўтганини маълум қилди. АҚШ томони бу суҳбатни “ижобий” деб атаган.

Путин ёрдамчиси Юрий Ушаковнинг айтишича, Трамп Россия раҳбари билан суҳбатда РФ президентининг давлат резиденциясига дронлар (учувчисиз аппаратлар) билан ҳужум қилингани ҳақидаги хабардан “шокда” қолгани ва “ғазаблангани”ни айтган. Шунингдек, у, даъво қилинишича, “ҳужумга уриниш” муҳокамаси вақтида Оқ уй “Киевга ‘Томагавк’ бермаганини” айтган. АҚШ ҳокимияти бу баёнотларни ҳозирча изоҳламаган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид