Словакия ва Чехия бош вазирлари Роберт Фицо ва Андрей Бабиш Германия канцлери Фридрих Мерцнинг Европа Иттифоқига аъзо барча мамлакатлар истисносиз Украинани молиялаштиришда иштирок этиши кераклиги ҳақидаги талабига қарши чиқди.

«Канцлернинг қилаётган иши — одатий шантаж. Мен унга ён бермоқчи эмасман», — деди Фицо 10 ноябр, сешанба куни Братиславада журналистлар билан суҳбатда.

Унинг сўзларига кўра, Словакия суверен давлат ҳисобланади ва Украинани қўллаб-қувватлаш масаласида ўз мустақил позициясига эга.

«Биз шантажга жавоб беришимиз керак», — деди у.

Фицо Словакия ҳам «Германия канцлери билан бир хил вето қўйиш ҳуқуқига эга» эканини таъкидлади.

Братиславага ташриф билан келган Чехия бош вазири Андрей Бабиш ҳам Мерцнинг талабини танқид қилди.

«У нега бундай гапираётганини тушунмаяпман», — деди Бабиш.

Bloomberg агентлиги маълумотларига кўра, Венгрия бош вазири Петер Мадяр ҳам Мерцнинг Украинани молиялаштириш бўйича келишувни Евроиттифоқнинг навбатдаги кўп йиллик бюджетини қабул қилиш билан боғлаш талабига қарши чиққан.

Украинага ёрдам ва ЕИ бюджети бўйича баҳс

Баҳсларга Германия канцлери Фридрих Мерцнинг Европа кенгаши раиси Антониу Коштага йўллаган мактуби сабаб бўлди. Мазкур мактуб ҳақида аввалроқ халқаро оммавий ахборот воситалари хабар берган эди.

Мактубда Мерц Украинани келгусида молиялаштириш масаласини Дублинда ўтказиладиган Европа Иттифоқининг норасмий саммити кун тартибига киритишга чақирган.

Шунингдек, у Киевнинг молиявий эҳтиёжларини қоплашда ЕИга аъзо барча давлатларнинг иштирок этиши 2028–2034 йилларга мўлжалланган Евроиттифоқ бюджети бўйича музокараларни давом эттириш учун зарур шарт эканини билдирган.

Европа комиссияси ҳисоб-китобларига кўра, 2027 йилда Украина қўшимча равишда қарийб 70 миллиард еврога муҳтож бўлади.

Кутилишича, ушбу маблағнинг тахминан 45 миллиард евросини Европа Иттифоқига аъзо давлатлар таъминлаши керак.

Роберт Фицо эса Словакия «Украинага бундан кейин қайтариб берилмайдиган молиявий маблағлар ажратилишини қўллаб-қувватламаслигини» билдирди.