Тақдимотда қайд этилишича, бугунги кунда 44 мингдан зиёд кўп квартирали уйда 7,1 миллион нафар аҳоли истиқомат қилади. Уларга 900 дан ортиқ бошқарув сервис компанияси ва 200 дан ортиқ ширкат хизмат қилади. Шунингдек, 856 та уйда ўзини-ўзи бошқариш тизими жорий этилган.

Таъкидланишича, бошқарув компанияларнинг аксарияти мажбурий бадал ҳисобидан фаолият юритмоқда, уларнинг фаолиятига инвестиция киритишга тайёр тадбиркорлар кам. Шунингдек, экспертларнинг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, йирик шаҳар ва вилоят марказларида бошқарув сервис компанияларининг яширин даромадлари расмий тушумлардан камида икки баробар кўп. Буларнинг барчаси соҳага даромад келтирадиган янги модел ишлаб чиқиш зарурлигини кўрсатмоқда.

Шу муносабат билан 2026-2030 йилларда баъзи шаҳар ва туманларда кўп квартирали уй-жойларни бошқаришнинг кластер тизимини ҳуқуқий эксперимент сифатида жорий этиш таклиф қилинди.

Эксперимент доирасида уйлар ҳолати таҳлил қилиниб, “яшил, “сариқ” ва “қизил” тоифаларга ажратилади, камида 7 минг хонадондан иборат лотлар шакллантирилади ҳамда 5 йиллик ривожлантириш дастурлари ишлаб чиқилади. Лотлар ва мастер-режалар туман кенгашлари томонидан тасдиқланади, бошқарувчи ташкилотлар эса “Менинг уйим” тизими орқали мулкдорлар томонидан овоз бериш йўли билан танланади.

Бошқарувчи ташкилотлар учун минимал молиявий ва ташкилий талаблар, жумладан, ўз маблағи, моддий-техник база, 24/7 диспетчерлик хизмати мавжуд бўлиши каби шартлар белгиланади. Шу билан бирга, қўшимча даромад манбалари сифатида маиший хизмат марказларини ташкил этиш, енгил конструкцияли қурилмаларни барпо этиш ва улардан узоқ муддатли фойдаланиш имкониятлари яратилади.

Мажбурий бадаллар ҳамда бошқарувчи ташкилотларнинг хизматлардан тушадиган барча қўшимча даромадлари фақат “Менинг уйим” биллинг тизими орқали ҳисобга олинади. Ушбу тартибга риоя этмасдан бадаллар ҳисобини юритиш бухгалтерия ҳисоби ва ҳисобот талабларини бузиш ҳисобланади.

Умумий мол-мулкни ижарага ёки текин фойдаланишга бериш бўйича шартномалар солиқ органларида мажбурий тарзда ҳисобга қўйилади. Белгиланган тартиб бузилган тақдирда, бошқарувчи ташкилот электрон реестрдан чиқариб ташланади. “Менинг уйим” ахборот тизими орқали умумий йиғилишни ташаббус қилиш, муҳокама ўтказиш, қарор қабул қилиш, шартнома тузиш, ҳисобот тақдим этиш ҳамда мурожаатларни юбориш ва кўриб чиқиш имкониятлари тўлиқ йўлга қўйилади.