Европа космик агентлиги — ESA маълумотига кўра, тасвирлар ва ўлчовлар аппаратнинг иккита асосий асбоби орқали олинган. Натижалар уларнинг ишлаётганини тасдиқлаган, бироқ сунъий йўлдошни тўлиқ фойдаланишга тайёрлаш яна қарийб беш ой давом этади.
Sentinel-3C — Sentinel-3 туркумидаги учинчи аппарат. У океанлар, қуруқлик, музликлар ва атмосфера ҳолати ҳақида узоқ муддатли экологик маълумотлар тўплашни давом эттиради.
Қорли Алп тоғларидан Сицилиягача
Биринчи суратда Италия табиий рангларда тасвирланган. Кадр Германиянинг жанубий ҳудудларидан Сицилия ва Ўрта Ер денгизининг жанубий қисмигача бўлган майдонни қамраб олган.
Тасвир марказидан бироз юқорида Италиянинг муҳим қишлоқ хўжалиги ҳудуди — По дарёси водийси кўринади. Унинг яшил ва қўнғир майдонлари шимолдаги қорли Алп чўққилари билан кескин фарқ қилади.
Шарқда Адриатика денгизи Апеннин яриморолини Болқондан ажратиб турибди. Италиянинг шарқий соҳили бўйлаб сувнинг очроқ кўк тусда кўриниши, эҳтимол, дарёлар денгизга олиб келган чўкинди моддалар билан боғлиқ.
Ғарбда эса Тиррен денгизининг тўқ рангли сувлари, Сардиния ва Сицилия ороллари кўринади. Корсиканинг катта қисми булутлар остида қолган.
Арктикадаги музлар ва очиқ сувлар

Иккинчи сурат Гренландия ғарбидаги Канада Арктика архипелагининг бир қисмини кўрсатади. Қор ва муз билан қопланган ороллар, чуқур фордлар ҳамда очилиб қолган қоялар мураккаб табиий манзара ҳосил қилган.
Очиқ сувнинг тўқ юзасида парчаланган муз бўлаклари ҳам кўринади. Арктикадаги муз ва сув ҳолатини кузатиш қутб ҳудудларида кечаётган ўзгаришларни тушуниш учун муҳим.
Кариб ороллари атрофидаги феруза сувлар
















