Astroscale’нинг мудофаа лойиҳалари йўналиши раҳбари Алекс Годфрининг айтишича, компания «тансоқчи» сунъий йўлдошни уч йилдан кам вақт ичида учиришга тайёр ҳолатга келтира олади.
Ғоянинг асосида компаниянинг орбитадаги объектларга яқинлашиш ва улар билан ишлаш бўйича тажрибаси ётади. Astroscale 2024 йилда ADRAS-J миссияси доирасида япон ракетасининг ишлатиб бўлинган босқичини бевосита орбитада яқиндан текширган. Аппарат Ерга яқин паст орбитада фаолият олиб борган.
2021–2024 йилларда давом этган ELSA-d миссиясида эса компания тижорат лойиҳаси доирасида космик объектларни ушлаш технологиясини намойиш этган. Энди шу имкониятларни бошқа сунъий йўлдошларни ҳимоя қилишга мослаштириш таклиф этилмоқда.
Годфрининг тушунтиришича, орбитада техник хизмат кўрсатувчи аппаратлар жуда юқори манёврликка эга бўлиши керак. Масалан, сунъий йўлдошга ёнилғи қуйиш ёки ишдан чиққан объектни орбитадан чиқариш учун унга бевосита туташиш даражасида яқинлашиш зарур.
Компания вакили ана шу аниқ ҳаракатланиш имкониятлари орбитадаги муҳим объектларни қўриқлашда ҳам қўл келиши мумкинлигини таъкидлаган.
Таклиф космик аппаратлар хавфсизлигига оид хавотирлар кучайган пайтда билдирилди. Space.com хабарига кўра, Россия сунъий йўлдоши ICEYE компаниясига тегишли, Ер юзасини радар ёрдамида кузатувчи аппарат яқинида манёврлар бажарган. Бу ҳолат йўлдошга эҳтимолий зарар етказилиши мумкинлиги ҳақида хавотир уйғотган.
«Тансоқчи» йўлдошнинг вазифаси бегона аппаратларнинг ҳимоя қилинаётган объектга хавфли даражада яқинлашишининг олдини олишдан иборат бўлади.
Годфри бу ғояни авиаташувчини қўриқлаш тизимига қиёслаган. Унинг айтишича, авиаташувчи денгизга ёлғиз чиқмайди — уни кичикроқ ва арзонроқ ҳарбий кемалар кузатиб боради ҳамда ҳимоя қилади. Орбитада ҳам қимматбаҳо йўлдошларни нисбатан ихчам аппаратлар қўриқлаши мумкин.
Компания вакили бундай ҳимоя аппаратини яратиш Буюк Британия каби алоҳида бир давлатнинг техник ва молиявий имкониятлари доирасида эканини айтган.
Шу билан бирга, у умумевропа «тансоқчи» йўлдошлар гуруҳини ташкил этишни таклиф қилган. Бундай аппаратлар муҳим космик объектлар жойлашган ҳудудларни патрул қилиб, бир нечта иттифоқчи давлатнинг йўлдошларини биргаликда ҳимоя қилиши мумкин.
Ҳозирча ғоя таклиф босқичида. Astroscale Европадаги компаниялар ва эҳтимолий буюртмачилар билан музокара олиб бормоқда, аммо «тансоқчи» йўлдошларни яратиш бўйича шартномалар ҳали имзоланмаган.












