Испания Суперкубоги учун бўлиб ўтган ўйиндан кейин 24 соат ўтмасдан Ҳаби Алонсо Мадриднинг «Реал» клуби бош мураббийи лавозимини тарк этди. Аллақачон унинг ўрнини ким эгаллаши маълум – клубнинг бошқа бир собиқ футболчиси Алваро Арбелоа.
Барча учун кутилмаган хабар
Истеъфодан бироз олдинроқ AS нашрида мураббий клубда қолиши ҳақида хабар берилганди. Аммо кўп ўтмай «Қироллик клуби» расмий сайтида ушбу мутахассис билан ҳамкорлик тўхтатилгани ҳақида маълум қилинди.
«„Реал“ футбол клуби Ҳаби Алонсо билан ўзаро келишув асосида жамоа бош мураббийи сифатидаги фаолиятини якунлаш тўғрисида қарор қабул қилинганини маълум қилади. Ҳаби Алонсо доимо „Реал” мухлисларининг меҳри ва ҳурматига сазовор бўлади, чунки у „Реал” афсонаси ҳисобланади ва ҳар доим клубимиз қадриятларини ўзида мужассам этди. „Реал“ Мадрид ҳамиша унинг уйи бўлиб қолади.
Клубимиз Ҳаби Алонсо ва унинг бутун мураббийлар штабига ушбу даврдаги меҳнати ва садоқати учун миннатдорчилик билдиради ҳамда ҳаётларининг янги босқичида уларга омад тилайди», – дейилган расмий баёнотда.
Шундан кейин турли-туман инсайдлар ёғила бошлади. Хусусан, El Chiringuito нашри футболчилар Ҳабининг истеъфосидан «шокка тушгани» ҳақида ёзди. Бунга параллел равишда «Барселона» билан класико баҳсидан (2:3) кейин мураббий ва жамоа футболчилари ўртасида навбатдаги зиддият юзага келгани ҳақида хабар пайдо бўлди: гўёки мураббий рақиб учун фахрий йўлак ташкил қилиш кераклигини айтган, аммо футболчилар Килиан Мбаппега эргашиб, майдондан чиқиб кетишган.
Журналист Пепе Алвареснинг инсайдлари нисбатан ҳаққоний кўринади. Унинг сўзларига кўра, Алонсонинг ўзи «футболчилар томонидан ҳурматсизликни ҳис қилгани ва уларнинг худбинлигидан чарчагани» учун истеъфога чиққан.
Расмий версияга кўра, шартнома «ўзаро келишув асосида» бекор қилинган.
Алонсога барибир ишонишмади
Ҳабига илк саволлар ёзда, клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати вақтидаёқ туғилганди: ўшанда «Реал» яримфиналда «ПСЖ»га 0:4 ҳисобида ютқазган, мадридликлар 24-дақиқага келибоқ учта гол ўтказишга улгурганди. Ўшанда мураббий жамоада мавсумолди йиғинларини ўтказмасдан, жангга ташлангани ҳам инобатга олинмаганди.
Иккинчи огоҳлик қўнғироғи сентябр ойида «Атлетико»га қарши ўйин бўлди, ўшанда Мадрид дербиси 2:5 ҳисобида бой берилганди. Аммо шундан кейин «Реал» олти ғалабадан иборат серия қайд этди (шундан биттаси класикода) ва мураббийнинг истеъфоси ҳақидаги гаплар бир муддатга тинчиди.
















