Жаҳон | 08:53
1049
4 дақиқада ўқилади

Белгия хато сабаб “Тинчлик кенгаши”га Беларус ўрнига киритиб қўйилди

Оқ уй журналистларга тарқатилган “Тинчлик кенгаши” иштирокчилари рўйхатига тасодифан Белгияни киритиб юборган. Аммо рўйхатга Белгия эмас, айнан Беларус кириши керак эди — чунки Беларус (Белгиядан фарқли равишда) ташкилотга қўшилишга розилик берган.

Фото: REUTERS

Оқ уй АҚШ президенти Доналд Трамп тузган “Тинчлик кенгаши”га қўшилишга рози бўлган давлатлар рўйхатига адашиб Белгияни киритиб қўйган. Эҳтимол, у Белгияни Беларус билан адаштириб юборган. Бу ҳақда пайшанба куни, 22 январда АҚШнинг NBC News телеканали хабар қилди.

NBC маълумотларига кўра, Трамп маъмурияти журналистларга “Тинчлик кенгаши”га киргани айтилган 22 давлатдан иборат рўйхатни тарқатган. Унда Белгия ва АҚШдан ташқари қуйидаги мамлакатлар ҳам бор эди: Озарбойжон, Аргентина, Арманистон, Баҳрайн, Болгария, Венгрия, Миср, Индонезия, Иордания, Қозоғистон, Қатар, Косово, Марокаш, Монголия, Бирлашган Араб Амирликлари (БАА), Покистон, Парагвай, Саудия Арабистони, Туркия ва Ўзбекистон.

Бироқ ушбу рўйхатда Беларус йўқ эди. Ҳолбуки, Беларус раҳбари Александр Лукашенко 20 январ куни ташкилотга қўшилиш ҳақидаги ҳужжатни имзолаган.

Оқ уй тузган “Тинчлик кенгаши” иштирокчилари расмий рўйхати очиқ манбаларда эълон қилинмаган. Шу билан бирга, Белгия ҳам киритилган давлатлар рўйхатини 22 январ куни X ижтимоий тармоғида Саудиянинг Asharq News телеканалининг Вашингтондаги бюро раҳбари Хиба Наср эълон қилди. У: “Аниқ айтиб қўяй: рўйхат Оқ уй томонидан тарқатилган”, — деб ёзган.

Вазиятга Белгия бош вазири ўринбосари ва ташқи ишлар вазири Максим Прево изоҳ берди. У X саҳифасида шундай ёзди: “Белгия ‘Тинчлик кенгаши’ низомини имзоламаган. Бу ҳақдаги хабар нотўғри. Биз Европанинг ягона ва мувофиқлаштирилган жавоб билан чиқишини истаймиз. Кўплаб Европа давлатларида бўлгани каби, бизда ҳам бу таклиф бўйича айрим шубҳалар бор”.

Белгиянинг VRT телерадиокомпанияси эса мамлакат ҳукуматидаги манбаларга таяниб, Оқ уй Белгияни Беларус билан адаштириб, биринчи давлатни “Тинчлик кенгаши” аъзолари рўйхатига киритганини хабар қилди.

Шу билан бирга, NBC маълумотига кўра, Белгия ҳақиқатдан ҳам ташкилотга қўшилиш ҳужжатини имзолаган, аммо сўнгги дақиқада қарорини ўзгартирган.

Бироқ Белгия ҳукумати бу маълумотни рад этмоқда. Прево матбуот хизмати шундай баёнот берди: “Биз ҳеч қачон ҳужжатни имзолаш ниятини билдирмаганмиз. Биз америкалик ҳамкорларимизга нима сабабдан ушбу ҳужжатни ҳозирги кўринишида имзолай олмаслигимизни тушунтирганмиз”.

“Тинчлик кенгаши” Ғазо секторида тинчликни йўлга қўйиш режасини таъминлаш мақсадида тузилган. Аммо унинг низоми билан танишган кузатувчилар бу орган ваколатлари анча кенгайиб кетиши ва у БМТга рақобатчига айланиб қолиши мумкинлигини таъкидламоқда.

“Тинчлик кенгаши”га кириш учун тахминан 60 давлатга таклиф юборилган. Шулардан 30 дан ортиғи, жумладан Россия, Озарбойжон, Арманистон, БАА ва Туркия розилик билдирган.

ЕИ давлатлари орасида Болгария ва Венгриядан ташқари кўпчилиги ё иштирок этишдан бош тортган (масалан, Норвегия, Словения, Франция ва Швеция), ёки таклифга муносабат билдирмаган. Буюк Британия ҳам “Тинчлик кенгаши” низомини имзолашга рози бўлмаган.

Давосдаги Жаҳон иқтисодий форумида ҳужжатни имзолаш маросимида 19 давлат вакиллари иштирок этган.

Шунингдек, АҚШ президенти Канадага юборилган таклифни қайтариб олган. У бу ҳақда Truth Social ижтимоий тармоғида Канада бош вазири Марк Карнига мурожаат қилиб пост ёзган. Бу Карнининг ЖИФдаги нутқидан сўнг рўй берган: у нутқида, жумладан, “улкан давлатлар” иқтисодий интеграция, тарифлар ва бошқа воситалардан “ўрта давлатлар”ни мажбурлаш учун фойдаланадиган жаҳон сиёсати ҳолатини танқид қилган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид