Ўзбекистон | 12:44 / 23.01.2026
8550
2 дақиқада ўқилади

Абдулазиз Комилов Тинчлик кенгашига қўшилиш сабабларини изоҳлади

Президент маслаҳатчиси Абдулазиз Комиловнинг айтишича, Ўзбекистоннинг Тинчлик кенгашига қўшилиши, аввало, хавфсизлик омиллари ҳамда ташаббус мақсадларининг мамлакат ташқи сиёсат устувор йўналишларига мослиги билан боғлиқ. У Яқин Шарқ минтақасида Ўзбекистоннинг “жиддий муҳим манфаатлари” мавжудлигини таъкидлаган.

Фото: Видеодан кадр

Комилов “Ўзбекистон 24” телеканалига берган интервюсида Тинчлик кенгаши ташаббусини қўллаб-қувватлашга учта асосий омил таъсир қилганини айтган: биринчидан — хавфсизлик жиҳатидан миллий манфаатлар, иккинчидан — Кенгашнинг мақсад ва вазифалари ташқи сиёсат принципларига мослиги, учинчидан — Яқин Шарқда ҳаётий муҳим манфаатлар борлиги.

Унинг сўзларига кўра, ташаббус кун тартибидаги асосий йўналишлардан бири — Ғазо секторидаги ҳарбий-иқтисодий инқирозни бартараф этиш ва уни тартибга солиш бўлиб, Тинчлик кенгашини тузиш ташаббуси АҚШ президенти Доналд Трамп томонидан илгари сурилган.

Маслаҳатчи “жиддий муҳим манфаатлар”ни минтақавий, глобал ва миллий хавфсизлик билан боғлаб, Ўзбекистоннинг Яқин Шарққа эътибори экстремизм хавфлари туфайли ҳам оширилишини қайд этган. У айрим фуқароларнинг экстремистик гуруҳларга қўшилиб, кейин мамлакатга қайтган ҳолатлари бўлганини, давлат эса уларнинг қайтиши ва жамиятга қайта мослашуви учун шароит яратганини айтган.

Комилов бу ёндашув халқаро даражада эътироф этилганини билдириб, БМТ раҳбарияти Ўзбекистоннинг гуманистик сиёсатини юқори баҳолаганини қайд этган.

Шунингдек, интервюда Яқин Шарқдаги вазиятнинг Афғонистон хавфсизлигига таъсири ҳам тилга олинган. Комиловга кўра, муаммони ҳал этиш учун халқаро ҳамжамият — АҚШ, араб ва мусулмон давлатлари билан бирга Марказий Осиё мамлакатлари ҳам биргаликда ҳаракат қилиши зарур.

У Ўзбекистоннинг саммитда иштироки сиёсий ва рамзий жиҳатдан муҳим эканини, бу мамлакатга бўлган ишонч ва унинг халқаро майдондаги нуфузини ифода этишини таъкидлаган.

Маълумот ўрнида: 22 январ куни президент Шавкат Мирзиёев Давосдаги Жаҳон иқтисодий форуми доирасида АҚШ президенти Доналд Трамп билан Тинчлик кенгаши бўйича келишувни имзолаган, маросимда Яқин Шарқ, Жанубий Америка, шунингдек Европа ва Жанубий Кавказ давлатлари вакиллари иштирок этган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид