2027 йил 1 январдан давлат харидларида кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектларининг иштирокини кенгайтириш мақсадида харид предметини технологик занжирлар, функционал босқичлар ва иш турлари кесимида алоҳида лотларга бўлиш амалиёти жорий этилади.

Шунингдек, корпоратив буюртмачиларда “профессионал харидор” сертификатига эга мутахассислар мавжуд бўлмаса, 2028 йил 1 январдан уларнинг давлат харидларида иштирок этиши тақиқланиши белгиланган.

Бундан ташқари, 2026 йил 1 июлдан воситачи-брокер ва (ёки) дилерларга ишлаб чиқарувчилар билан шартнома тузиш орқали улар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни давлат харидларида сотиш ҳуқуқи берилади.

2026 йил 1 апрелдан эса бюджет буюртмачиларининг давлат харидлари доирасида чет эллик етказиб берувчилар билан бир қаторда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ҳам иштирок этганда, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга таклиф этилган энг паст импорт товар нархига нисбатан қуйидаги миқдорларда нарх преференцияси қўлланади:

  • 3 та ва ундан ортиқ маҳаллий ишлаб чиқарувчи иштирок этса — 15 фоиз;
  • 2 та маҳаллий ишлаб чиқарувчи иштирок этса — 12 фоиз;
  • 1 та маҳаллий ишлаб чиқарувчи иштирок этса — 8 фоиз.