Президент Шавкат Мирзиёев 27 октябр куни Кўксарой қароргоҳида соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳаси ходимлари билан учрашди. Учрашувда давлат раҳбари соҳа вакиллари моддий рағбатлантириш бўйича янги чораларни эълон қилди.
Танлов ғолибларига электромобил
Жорий йил илк бор туман бўғинидаги энг яхши шифокор ва ҳамшира номинациялари бўйича вилоят танловлари ўтказилмоқда. Ғолиблар 30 миллион сўмдан мукофотланади.
Келаси йил рағбат янада кучайтирилади: вилоят босқичида ғолиб бўлган 14 нафар шифокор электромобил билан тақдирланади.
Соғлом турмуш тарзини тарғиб қиладиган энг яхши ўнта лойиҳа муаллифига 200 миллион сўмдан грант берилади.
Қўшимча устамалар
Бакалавриатни битирган ҳамшира ва тиббиёт оғасига 1,5 млн сўм, магистратурани тугатганларга 2,5 млн сўм қўшимча устама тўланади. Оилавий шифокорлик бўйича тор соҳа мутахассисига устама 5,5 млн сўм бўлади.
Бугун 11 та давлат олийгоҳида йилига 15 минг шифокор тайёрланмоқда. Келаси йилдан бу талабалар ҳафтада уч кун бемор билан ишлашни ўрганади, битирувчилар эса охирги ўқув йилида тўлиқ тиббиёт муассасасида амалиёт ўтайди.

Резидентура бепул
2027 йилдан олийгоҳларда тор соҳа мутахассислиги бўйича ўқиш – резидентура бепул бўлади. Талабаларга 3 млн сўм стипендия тўланади.
Йўналишга қараб резидентура 2 йилдан 5 йилгача давом этади. Оилавий шифокорлик бўйича ўқиш 2 йил, жарроҳлик бўйича эса 5 йил бўлади.
Малака оширишга хусусий сектор кириб келади
Ходимлар малакасини оширишга хусусий сектор фаол жалб этилади. Тиббиёт ходимлари қаерда малака оширишни ўзлари мустақил танлайди.
Бирламчи бўғин ва туманлардаги ходимларнинг малака ошириш харажатлари тўлиқ қопланади. Мазкур харажатларни давлат ўз зиммасига олади.
Натижада туманларда ишлайдиган 130 минг тиббиёт ходимининг ҳар йили 100 миллиард сўм маблағи ўзида қолади.

















