Иқтисодиёт | 11:06
816
3 дақиқада ўқилади

АҚШ–Эрон ўртасидаги кескинлик сабаб нефт нархлари ошяпти

АҚШ ва Эрон ўртасида ядровий келишув бўйича музокаралар атрофидаги кескинлик пасаймаётгани фонида жаҳон нефт нархлари кўтарилмоқда, деб қайд этади Reuters. Мутахассислар, шунингдек, дунёдаги икки йирик нефт ҳабида нефт захиралари қисқараётганини ҳам кузатмоқда.

Фото: Abedin Taherkenareh/dpa

Reuters агентлиги хабар беришича, 11 феврал, чоршанба куни нефт нархлари АҚШ ва Эрон ўртасидаги кескинлик авж олган тақдирда таъминотга хавф туғилиши мумкинлиги сабаб тахминан 2 фоизга ошди. Шу билан бирга, икки йирик жаҳон нефт омборида захиралар камайган — бу талаб ўсиб бораётганини кўрсатади, дейилади мақолада.

11 феврал кунги ҳолатга кўра, Brent маркали хом нефт фючерслари 1,41 долларга ёки 2,1 фоизга қимматлаб, баррели 70,21 долларга етди. West Texas Intermediate (WTI) нефти эса 1,36 долларга ёки деярли 2,1 фоизга ошиб, баррели 65,31 долларни ташкил қилди.

“Яқин Шарқдаги пасаймаётган кескинлик ҳали таъминотда узилишлар кузатилмаётган бўлса-да, нархларни қўллаб-қувватлаб турибди”, — деб Reuters UBS компанияси нефт таҳлилчиси Жованни Стауновонинг изоҳини келтиради. Мутахассисга кўра, ҳозир ARA (Антверпен–Роттердам–Амстердам) минтақасидаги омборлар ва НҚЗда, шунингдек БААдаги Фужайра портида нефт омборида захиралар қисқариши кузатилмоқда — бу бозордаги вазият таранглашганидан далолат беради.

10 феврал куни Эрон ТИВ вакили Ислом Республикасининг ядровий дастури бўйича АҚШ билан музокаралар “Теҳронга Вашингтон ниятларининг жиддийлигини баҳолаш имконини берганини ва дипломатик музокараларни давом эттириш учун етарли даражада консенсус борлигини намоён этганини” билдирди.

Ўз навбатида, АҚШ президенти Доналд Трамп Axios нашрига берган интервюсида (у 10 феврал куни эълон қилинган) Вашингтоннинг Эрон билан ядровий дастур бўйича музокаралари барбод бўлса, Яқин Шарққа жанговар ҳаракатларга киришишга тайёр ҳарбий кемаларни жўнатиш эҳтимолини истисно қилмаслигини таъкидлади.

Бироқ шу суҳбатда АҚШ раҳбари, Қўшма Штатлар яқин вақт ичида Эрон билан келишувга эришишга интилаётганини, Теҳрон эса 2025 йил ёзида АҚШ, Исроил ва Эрон ўртасидаги 12 кунлик ҳарбий кескинлик арафасидаги даврга нисбатан “кўпроқ мослашувчанлик” кўрсатаётганини қайд этди.

6 феврал куни Уммонда Эрон ва АҚШ ўртасида билвосита музокаралар бошланди. АҚШ делегациясига президентнинг махсус вакили Стивен Уиткофф раҳбарлик қилди. Делегация Теҳрондан бир неча йўналиш бўйича ён беришни талаб қилди — жумладан, ядровий дастур, мамлакатнинг ракета арсенали ва Яқин Шарқдаги прокси-кучларни қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича.

Эрон эса санкциялар олиб ташланиши эвазига ядровий келишув муҳокамаларини қайта тиклашга тайёр эканини таъкидламоқда. Музокараларнинг биринчи босқичидан сўнг томонлар уларни ижобий баҳолади, аммо ихтилофлар сақланиб қолаётганини ҳам қайд этди.

Эрон делегациясига бошчилик қилган ТИВ раҳбари Аббас Арағчи мамлакат уранни тинч мақсадларда бойитишни давом эттиришини ва “нол бойитиш” сиёсати қабул қилинмаслигини билдирди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид